13 августдан Ўзбекистоннинг шимолий қисмларига, сўнгра бутун мамлакат ҳудудига Волгабўйи минтақасидан салқин ҳаво оқимлари кириб келади, дея хабар қилди Ўзгидромет «Газета.uz"га.

Антициклон таъсирида Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчиликларсиз об-ҳаво ҳукмрон бўлади. Фақатгина республиканинг тоғли ҳудудларига қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати кечаси +15…+18, кундузи эса +25…+28 даражагача тушади. Ушбу ҳарорат кўп йиллик ўртача кўрсаткичлардан 5−8 даража пастроқдир, дея қайд этди синоптиклар.

13−15 август кунлари айрим жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди. Бундай салқин об-ҳаво 16 августга қадар сақланиб қолади.

Антициклон чекинганидан сўнг ҳаво ҳарорати ошишни бошлайди ва кечаси +18…+20, кундузи — +32…+35 даражага қадар кўтарилади.