31 июль куни 11:09 да Буюк ипак йўли 14А манзилида жойлашган Мирзо Улуғбек кичик саноат зонаси ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди, дея хабар қилди Тошкент Ёнғин хавфсизлик бошқармаси матбуот хизмати.

Арматура ишлаб чиқариш цехида трансформатор нимстанцияси ва унинг мойи ёниши натижасида 250 кв. м майдонда ёнғин содир бўлди. Жанговар ўт ўчириш гуруҳлари ҳодиса жойига 11:14 да етиб келди, алангани ўчиришда 10 дона ўт ўчириш техникаси иштирок этди.

Ёнғин 11:53 да қуршаб олиниб, 12:24 да тўлиқ ўчирилди.

Ёнғинга, дастлабки тахминларга кўра, ишлаб чиқаришда технологик жараён бузилиши натижасида элекр тармоғида зўриқиш вужудга келгани сабаб бўлган. Кўрилган зарар миқдори аниқлаштирилмоқда. Ёнғин натижасида ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар қайд эилмади.