Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Самарқандга ташрифи вақтида шаҳарда енгил осма метро қуриш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилди.

Мазкур метро тармоғининг Самарқандни эшкак эшиш каналида ташкил этилаётган янги туристик марказ билан боғлаши кутилмоқда.

«Самарқандликларга қулайлик яратиш, улар хоҳлаган вақтларида эшкак эшиш каналидаги туристик мажмуага бора олишлари учун раҳбариятга енгил осма метро қуриш бўйича топшириқ берилди. Айтиш керакки, ушбу ташаббус Самарқанд аҳолисига ҳеч қандай ноқулайлик етказмайдиган қилиб ишлаб чиқилган», — деди бош вазир ўринбосари. Лойиҳа тафсилотлари маълум қилинмади.

Аввал хабар қилинганидек, Самарқанд туманида туристик марказ қурилиши учун 360 гектар ер ажратилиши, унинг 80 гектарида анжуманлар маркази, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилиши мўлжалланган. Меҳмонхоналар 5, 4 ва 3 юлдузли бўлиб, барча тоифадаги сайёҳларни қамраб олади. Сайилгоҳлар, сузиш жойлари, сунъий оролчалар, ресторанлар ташкил этилади