2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида иқтисодий судлар томонидан 95 418 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шунда даъвогарлар фойдасига 5,8 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 63,5 фоизга камайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га маълум қилди.

Ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Тошкент шаҳар, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон ва Жиззах вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми, яъни 61 058 таси бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 2 049 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 1,5 млрд. сўмдан зиёд маблағлари тежаб қолинди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 15 642 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 623,8 млрд. сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини контрактация, маҳсулот етказиб бериш, кредит ва коммунал хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 327 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 170 та қарор бекор қилинди ва 62 та суд қарорлари ўзгартирилди.