24 июль куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида (М25) янги газли объект топилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов ўзининг фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Ушбу газли объект М25 объектида олиб борилган бурғулаш ишлари натижасида кашф қилинди. 1-О қудуғини барпо этишда XV ва XVa горизонтларидан ташқари XVI горизонти ҳам аниқланди. Ушбу газнинг кундалик ўртача оқими 300 минг кубометрни ташкил этади. Топилган саноат газининг оқими XVI горизонтда газ мавжудлигини кўрсатиб, М25 кони атрофидада янги газли объектнинг топилганидан далолат беради.

Бурғулаш ва қудуқни қуриш ишлари «Surhan gas chemcal operating company» МЧЖ ХК ва «ERIELL» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. «ERIELL» компанияси Марказий Осиё, Россия Федерацияси ва Яқин Шарқда шу каби лойиҳаларни амалга ошириш бўйича катта тажрибага эга.