20 июль куни 21:50 да «Газли-Чимкент» магистрал газ қувурининг Бухоро вилояти Шофиркор туманидан ўтган 76-километрида авария содир бўлди. Натижада ёнғин содир бўлди, дейилади «Ўзтрансгаз» компанияси расмий ахборотида.

Ёнғин компания ва мутасадди хизматлар ходимлари кучлари ёрдамида бартараф этилди. Қурбонлар ва жабрланганлар йўқ. Авария-қутқарув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда. Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати оловни бартараф этиш ишларига тўртта ўт ўчириш гуруҳи жалб этилганини маълум қилди.

Компаниядан «Газета.uz"га аниқлик киритилишича, дастлабки тахминларга кўра, ҳодисага газ сизиб чиқиши сабаб бўлган ҳамда металлар ишқаланиши натижасида ёнғин келиб чиққан.

Авария-қутқарув ишлари вақтида газ етказиб бериш тўхтатилган. Транспортировканинг 23 июлда қайта тиклаш режалаштирилмоқда. Магистрал газ қувури орқали газ етказиб беришнинг вақтинчалик тўхтатилиши истеъмолчиларга таъсир қилмайди, дея қайд этди «Ўзтрансгаз».