Самарқанд вилоят ҳокимлиги вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда «Туман шаҳар ҳокимларининг қарор ва фармойишларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар, низо чиқишининг олдини олиш ҳамда қонун ҳужжатларини амалда қўллаш масалалари» юзасидан жорий йилнинг 9 июль куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида семинар ўтказилди. Унда вилоятдаги бошқарма ва ҳудудий бўлим раҳбарлари ва масъул ходим қатнашди. Бу ҳақда Zarnews.uz хабар берди.

Тадбирда вилоятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама этилди. Масалан, 2018 йилда вилоят бўйича ҳокимлик қарор ва фармойишларидан 186 та қарор ва фармойишлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари томонидан ҳақиқий эмас деб топилган. Жами 186 та ҳужжатларнинг 28 таси фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан, 29 таси маъмурий судлар, 129 таси прокуратура томонидан бекор қилинган. Шундан жами 60 та ҳоким қарорларининг қарийб 90 фоизида ер муносабатларига оид қонун ҳужжатлари талаби бузилган. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди томонидан 2018 йилда 600 дан ортиқ ер майдонларини ажратиш бўйича ишлар кўрилган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан бекор қилинган жами 28 та қарорларнинг 13 таси Самарқанд шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Оқдарёда 5 та, Иштихонда ва Тайлоқда 3 та, Қўшработ, Пайариқ, Нуробод, Пастдарғом туманларида 1 ҳолатда ноқонуний қарорлар суд томонидан бекор қилинган.