Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Эскендер Трушин Тошкентда бизнес вакиллари билан учрашувда 2018 йилда Жаҳон банки томонидан тайёрланган «Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ва иш ўринларини яратиш» ҳисоботини тақдим этди. Ҳисоботда 2013−2017 йилларда йирик фирмалар, 2017 йилда кичик корхоналар ўртасида ўткизилган иккита сўровнома маълумотларидан фойдаланилган. Ҳисобот тақдимотининг асосий жиҳатлари билан қуйида танишишингиз мумкин.

Меҳнат унумдорлиги ортиши билан иш ҳақи ошади. Лекин ҳар доим эмас

Ўзбекистондаги (2018 йилда қўшма корхона ва қишлоқ хўжалигини ҳисобга олмаганда, ўртача 225 доллар) ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мамлакатларидаги (масалан, Полшада 1356 доллар, Литвада 948 доллар, Беларусда 422 доллар, Арманистонда 386 доллар) ўртача иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар билан бошлар экан, Эскендер Трушин мамлакатлар ўртасидаги меҳнат унумдорлигининг фарқи иш ҳақининг фарқини аниқлашини таъкидлаб ўтди.

Кам ва юқори даромадли мамлакатларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг фарқи мамлакатлар ўртасидаги меҳнат унумдорлиги тафовутини кўрсатади. Аҳоли жон бошига ЯИМни ошириш учун (Ўзбекистонда 2018 йилда номинал жиҳатдан 1532 доллар) меҳнат унумдорлигини ошириш ва иш ўринларини яратиш зарур.

2004−2011 йилларда ўртача реал иш ҳақининг жадал ўсиши (меҳнат унумдорлигининг ошишига кўра тез), эҳтимол, иш ўринларини яратиш ва аҳолини иш билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатди, шу жумладан меҳнат ҳажми юқори бўлган соҳаларда, дея таҳмин қилади маърузачи.

Иш ўринлари ва уларнинг маҳсулдорлиги — бу икки кўрсаткич бир вақтнинг ўзида ўсиб бориши керак, қарама-қарши йўналишларда ўзгариш керак эмас, дея таъкидлади ЖБ мутахассиси.

Эскендер Трушин сўнгги 20 йил ичида қурилиш, кимё ва нефт-кимё саноати, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ва алоқа соҳаларида ушбу икки кўрсаткич бир вақтнинг ўзида (ва бу энг мақбул натижа) ўсиб келганлигини қайд этди.

Электр энергетикаси, ёқилғи ва металлургия саноати янги иш жойлари яратди, аммо уларнинг меҳнат унумдорлиги камайди. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, саноат-қурилиш материаллари, енгил, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноатида меҳнат унумдорлиги ошди, аммо иш ўринлари камайди.

Ўзбекистондаги ўртача меҳнат маҳсулдорлиги аҳоли жон бошига нисбатан паст ва ўрта даромадли мамлакатларга нисбатан 16 фоизга кам ва ўртача-юқори даромадга эга мамлакатларга нисбатан 54 фоизга пастдир.

Жаҳон банки мутахассиси Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини санаб ўтди:

  • Сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг ЯИМ жуда тез ўсди — йилига ўртача 5 фоиз, ушбу ўсишнинг 91 фоизи меҳнат унумдорлигининг ошиши билан боғлиқ бўлди. Шу билан бирга, иш ўринларини яратиш мамлакатдаги иқтисодий фаол аҳоли ўсиш суръатларига мос келмади: 2004−2016 йиллар мобайнида йилига ўртача атиги 280 мингта (нетто) ва энг охирги йилларда йилига 200 мингга яқин иш ўринлари ташкил этилди;

Бу фақатгина таълим муассасалари битирувчиларини (ҳар йили тахминан 500 минг) иш билан таъминлаш учун талаб қилинадиган иш ўринларидан анча кам, иш излаб юрган бошқа аҳоли қатламини айтмаса ҳам бўлади. Бошқача айтганда, иш ўринларини яратишни камида икки баравар ошириш керак.

  • Меҳнат бозори бир қатор салбий омиллар билан изоҳланади: меҳнатга рағбатнинг заифлиги, иш берувчилар талаб қиладиган кўникмаларнинг иш қидирувчиларнинг амалдаги кўникмаларига мос келмаслиги; корхоналарда тренингларнинг етишмаслиги; ёшлар ва аёллар ўртасида юқори ишсизлик; аҳолининг иқтисодий жиҳатдан фаол бўлмаган қисмининг кўплиги;
  • 1996−2016 йиллар мобайнида инвестицияларнинг жадал ўсиши (иқтисодиётда сармоялар доимий нархларда 18 баробар, ҳар бир ишчи учун капитал эса доимий нархларда 11,7 баробар ошди) ишлаб чиқариш омилларининг умумий самарадорлигининг секин ўсишини (21 йилда тармоқлараро тарқалишни ҳисобга олмаганда атиги 16,4% га ошди) ва тармоқлараро тарқалиш ҳиссасининг қисқаришини қисман компенсация қилди.

Доимий капиталга инвестициялар киритиш барқарор капиталнинг кам даромадлилигини (доимий нархларда) қоплаш ва меҳнат унумдорлигининг ўсишини таъминлаш учун етарли даражада тез ўсди.

  • Қайта ишлаш саноати соаҳасида, айниқса озиқ-овқат, енгил, тўқимачилик ва бошқа кўп меҳнат талаб қиладиган соҳаларда иш ўринлари яратиш қийин кечди. Кўплаб ишчилар қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноатидан хизмат кўрсатиш соҳаларига кетди.

Эскендер Трушин бир далилни қайд этиб ўтди: барча мамлакатларда янги фирмалар мавжуд бўлган эски фирмаларга қараганда кўпроқ иш ўрни (нетто) яратади. Агар Ўзбекистонда бизнеснинг зичлигини (1000 ишчи аҳоли учун янги очилган фирмалар сони) ҳисобласак, унда 2006−2016 йилларда бу рақам 1000 нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли бошига 0,72 янги фирмани ташкил қилди. Бу кўрсаткич Тожикистондан ташқари (0,35 янги фирма) МДҲ мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан бири ва МДҲ мамлакатларининг ўртача кўрсаткичининг ярми баробаридадир (1,67 янги фирма).

ЖБ мутахассиси бу ҳолат аҳоли заиф тадбиркор руҳи туфайли рўй бермагани, балки Ўзбекистонда бизнесни олиб боришдаги тўсқинликларнинг катталиги сабабидан ва дунёда узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган технологияларни тақсимлаш ва ўзлаширишнинг заифлигидан келиб чиққанлигини тахмин қилди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини тезлаштириш учун бутун дунё учун янги технологияларни ихтиро қилишга катта пул сарфлашнинг ҳожати йўқлигига ишонч билдирди Эскендер Трушин. Аввало, жаҳонда узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган технологияларни жадал ва оммавий равишда киритиш керак. «Сиз ҳайратга тушасиз, — дейди Жаҳон банки вакили, — лекин совет даврида хатто Ўзбекистоннинг ўзида яратилган узоқ йиллардан бери мавжуд технологиялар ҳам Ўзбекистонга жорий қилинмайди. Шунга қарамасдан, улар бошқа мамлакатларда жорий қилинмоқда».

2014 ва 2017 йилларда ташкилотлар ўртасида ўтказилган сўровга кўра технология ва инновацияларни жорий этишдаги тўсиқлар қуйидагилардир:

  • банк кредитларини олишдаги қийинчиликлар;
  • малакали муҳандис ва ишчиларнинг етишмаслиги;
  • хом-ашёни қўлга киритиш;
  • янги технологияларни қамраб олиш учун заиф ички бозор;
  • технологиялар ҳақида маълумотларнинг етишмаслиги.

Ўзбекистон қайта ишлаш саноатидаги меҳнат унумдорлиги борасида аҳоли жон бошига таҳминан бир хил ЯИМга эга давлатларга нисбатан ўртача 16 фоизга ортда қолмоқда, лекин бу давлатларни ўртача иш ҳақи таққосида 57 фоизга ортда қолдирмоқда. Бу Ўзбекистонда меҳнат унумдорлигининг ўсишини жадаллаштириш масаласини ўртага қўяди.

Презентациядан слайд.

Рақобатбардош соҳаларнинг ривожланиши

Ўзбекистон озиқ-овқат ва енгил саноат соҳаларида, кимё ва нефт-кимё саноатининг айрим тармоқларида рақобатбардош устунлик ва истиқболга эга. Бу агар харажат ва даромад жаҳон нархларида ҳисоблаб чиқилса, қўшилган қийматнинг жами даромадга нисбат кўрсаткичида кўринади. Мазкур кўрсаткич бу соҳаларда анча юқори ва ички нархларда ҳисоблаб чиқилган айни кўрсаткичдан ҳам юқори, дея таъкидлади Эскендер Трушин.

Ўзбекистондаги қайта ишлаш саноатида меҳнат унумдорлигининг худди шундай аҳоли даромадига эга бўлган бошқа мамлакатлар билан таққослаганда ортда қолишини халқаро савдодаги аниқ рақобатбардош устунликка эга саноатларни ривожлантириш орқали камайтириш мумкин.

Ўзбекистон иқтисодиётининг кўп меҳнат талаб қиладиган аксарият соҳалари жаҳон бозорида давлат субсидиялари ва импорт тарифларини оширмасдан туриб ҳам рақобатбардош ҳисобланиб, давлат мулкидан ва бошқарувидан тўлиқ озод этилиши мумкин, деди иқтисодчи.

Бироқ, бу соҳалар экспортни ривожлантиришда айни пайтда жуда кам бўлган бошқа давлат кўмакларига муҳтож:

  • ISO сифат сертификатларини олишда ёрдам бериш (ҳозир Ўзбекистонда маълум турдаги маҳсулотлар учун бундай сертификат олиш қиммат туради);
  • Ўзбекистонда Европа Иттифоқи ва АҚШда аккредитацияланган синов лабораторияларини яратиш (2017 йил ҳолатига кўра Ўзбекистонда бир дона ҳам йўқ, Қирғизистонда эса бундай лабораториялар сони иккита);
  • бизнес учун янги технологиялар ҳақида мунтазам равишда мавжуд маълумотлар;
  • янги технологияларни импорт қилиш учун кредит ва лизингли қўллаб-қувватлаш.

Меҳнат унумдорлигининг ўсишидаги тўсиқлар

Эскендер Трушин кўринишдан парадоксал бўлган вазиятни характерлади: Ўзбекистоннинг қайта ишлаш саноатида 5 та соҳасида ўртача меҳнат унумдорлиги 2014 ва 2016 йилларда кичик фирмаларда катта фирмаларга қараганда 2 баравар кўп бўлган, аммо 2016 йилда иш ўринлари сонининг сармоя бирлигига нисбати бўйича йирик фирмалар кичик фирмаларни ортда қолдирган. Бу нима учун шундай эканлигига жавоб берар экан, эксперт шундай деб таъкидлади: кичик фирмаларнинг унумдорлиги юқори бўлишига ва юқорироқ иш ҳақи таклиф қилишига қарамасдан, ходимлар барибир кичик фирмаларга жуда секинлик билан «оқади». Кўпгина ходимларнинг йирик фирмалардан кичик фирмаларга «оқмасликларига» сабаб бўладиган сабабларни ўрганиш керак.

Шунингдек, у қайта ишлаш саноатидаги фирмалар ўртасидаги сўровномалардан маълумотлар келтирди. Мазкур маълумотлар меҳнат унумдорлигини ошириш учун захиралар ҳақида гувоҳлик бермоқда:

  • Катта фирма бошқарувчиси вақтининг 31фоизи ва кичик фирма бошқарувчиси вақтининг эса 26 фоизи фирмаларда меҳнат унумдорлигини ошириш муаммоларини ҳал қилиш ўрнига давлат идораларида (инспекция, божхона, вазирликлар) турли самарасиз бюрократик ишлар учун кетди;
  • 2016 йилда йирик фирма ишчиларининг 32 фоизи ва кичик фирмалар ишчиларининг 30 фоизи қишлоқ хўжалиги ишларига ва бошқа жамоат ишларига чалғиди;
  • Катта фирмаларнинг 11 фоизи ва кичик фирмаларнинг 23 фоизи маҳаллий ҳокимият органлари фирмалардан жамоат эҳтиёжлари учун компенсациясиз «қўшимча харажатлар» сўрамоқда, деган хулосага келган;
  • 2016 йилда катта фирмаларнинг 13 фоизи ва кичик корхоналарнинг 7 фоизи ишлаб чиқариш масалаларини ҳал қилиш учун турли давлат органларига норасмий тўловлар тўлашди ва йирик корхоналарнинг 8 фоизи ва кичик фирмаларнинг 6 фоизи норасмий тўловлар учун маҳаллий ҳокимият органлари учун қанча миқдорда пул кетишишини олдиндан билишган.

Йирик фирмаларнинг умумий маҳсулот ҳажмининг 61фоизи ва кичик фирмаларнинг умумий маҳсулот ҳажмининг 46 фоизи 2016 йилда вазирликлар ва тармоқ саноат бирлашмалари томонидан марказлаштирилган тарқатиш (сотиш) мавзусига айланди ва маҳсулотнинг бу қисми фирма ёки бозор томонидан тақсимланмади.

Шубҳасиз, айрим бандларда вазият ўша пайтдан бери ўзгарган бўлиши мумкин ва бу ҳам кейинги изланишларни талаб қилади.

Маърузачи, шунингдек, қайта ишлаш саноатида иш ўринларини ташкил қилишдаги тўсиқлар (2017 йил сентябрда бекор қилинган валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммолар ва 2019 йил январидан камайтирилган жуда юқори солиқ бундан мустасно) ҳақида гапирди:

  • арзон нархлардаги (жаҳон нархидан юқори бўлмаган) хом ашёнинг етишмаслиги (етказиб беришнинг узилишли экани ва сифат билан боғлиқ муаммолар);
  • малакали ходимларнинг етишмаслиги;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун талабнинг пастлиги (сотиш муаммоси);
  • кредит олиш имкониятининг етишмаслиги (етарсиз ҳажм, баланд ставкалар);
  • Кадрларни саралаш бўйича малакали HR-менежерларнинг етишмаслиги;
  • корхоналарда иш ҳақининг камлиги ва ижтимоий пакетларнинг яхшимаслиги (тиббий суғурта, транспорт, меҳнат шароитлари);
  • бошқа шаҳарлардан келиб ишлайдиган ходимлар учун арзон уй-жой, болалар боғчалари, мактабларнинг етишмовчилиги.

Самарадорликнинг ўсиши учун қандай катта ўзгаришларга эҳтиёж борлиги ҳақида гапирганда, Эскендер Трушин қуйидагиларни санаб ўтди:

1. Кичик ва йирик корхоналарни қийматни ҳосил қилиш умумий занжирига интеграция қилиш. Микро, кичик ва йирик фирмаларнинг ҳар бир соҳасидаги аниқ маҳсулотлар ҳақида маълумотлар базаси яратиш ва йирик фирмалар кичик фирмаларга қандайдир компонентлар ишлаб чиқаришни буюртма қилса ва иш жойлари яратган тақдирда уларнинг барчасини умумий платформага йиғиш (оутсоурcинг).

Давлат кичик фирмаларга лизинг ускуналари ёки ишчиларни ўқитишга ёрдам бериши ва яхши ташкил этилган йирик хорижий фирмалар ва маҳаллий микрофирма ва кичик фирмалар ўртасида модератор ролини бажариши мумкин. Тўқимачилик, тикувчилик, озиқ-овқат, заргарлик, машинасозликнинг баъзи оғир иш талаб қиладиган соҳаларида (велосипедлар, мотоцикллар, скутерлар) ва бошқа соҳаларда туман марказларида «парк-кластерлар» ни (хом ашёлардан тайёр маҳсулотларгача бўлган занжир фирмалар, шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари ва университетларнинг филиаллари) ташкил этиш, экспортчиларга кўп меҳнат талаб қиладиган маҳсулотлар базаси бўлишига ва яшаш жойларига яқин маконларда бандликларини таъминлашга, бу билан Тошкент ва хорижга истиқболли кўчишнинг олдини олишга ёрдам бериш ва бу «парклар» маҳаллий бюджетларга даромад келтиради. Йирик корхоналар ўз маҳсулотларни кичик корхоналарга сотиши ва уларни қиймат занжирларига киритиши учун кичик корхоналарга ҚҚСни жорий этиш.

2. Технологияларни тарқатиш ва экспортни рағбатлантириш учун хусусий (ёки давлат-хусусий) кенгашлар (марказлар) яратиш. Бундай кенгашлар (марказлар) давлат томонидан эмас, хусусий фирмалар ёки давлат-хусусий сектор ҳамкорлигида ташкил қилиниши керак. Уларнинг вазифаси, биринчи навбатда, деҳқон хўжаликларига мева-сабзавотчилик ва чорвачиликда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича минизаводларни танлаш, лизингга олиш, сотиб олиш ва уларнинг уй хўжаликлари ҳовлиларига жойлаштириш бўйича ёрдам бериш. Саноат, хизмат кўрсатиш ва деҳқон хўжаликлари бўйича микро ва кичик корхоналарга маҳсулотни экспортга чиқаришга ёрдам бериш. Чунки улар маҳсулотларнинг кам миқдорда ишлаб чиқаришдан азият чекишади ва улар учун ички ва хорижий бозор истеъмолчиларининг эътибори жалб қилиш қийин. Мавжуд кичик корхоналарда экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси жуда кичик ва билим томондан заиф бўлиб, ҳар бир туманда бу каби вазифаларнинг катта қисмини етарли даражада ҳал қила олмайди.

3. KOICA намунасидаги ходимларни ўқитиш учун ўқув марказларини тарқатиш ва топ-менежерлар учун курслар ташкил этиш. Малакали менежерлар (бу паст меҳнат самарадорлиги ва ишлаб чиқариш ва сотишни самарасиз бошқариш билан белгиланади) ва ишчиларнинг етишмаслиги саноатнинг ҳар бир соҳасида айниқса кўп меҳнат талаб қилувчи соҳада кузатилади.

4. Инфратузилманинг тор ўринларини бартараф этиш ва логистикани яхшилаш. Барча саноат узеллари ва эркин зоналарни электр энергияси, газ, сув, алоқа йўллари, омборхоналар, мултимодал юклаш ва тушириш узеллари билан узлуксиз таъминлаш (хом ашёлардан тайёр маҳсулотларгача ягона занжирли кластер турига кўра яратилган бўлиши, ҳозирги кундагига ўхшаб кўпгина тасодифий ва боғлиқ бўлмаган фирмалар йиғиндиси бўлмаслиги керак). Электрнинг тез-тез узилиши машиналар, ускуналар, хом ашё ва материалларни ишдан чиқаради ва маҳсулотнинг йўқотилишига олиб келади.

5. Хом ашё ва кредит олишни осонлаштириш. Бу ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги технологияларни харид қилиш учун муҳимдир. Ўзбекистон банклари пул маблағлари оқимини ҳамда қарздор-кичик фирмаларнинг ишлаб чиқариш харажатларини таҳлил қилиш ўрнига, фирмалар мол-мулкларининг гаровига кредитларни бериш билан боғлиқ рискларни камайтиришнинг «энг осон» усулини қўлламоқда. Банклар қиймати берилган кредит миқдоридан анча юқори гаровни сақлаб қолиш учун кредитлар қайтарилмаслиги ва қарз олувчиларнинг банкротлигидан манфаатдор бўлиши мумкин. Бу ерда технологияни тарқатиш ва экспортни рағбатлантириш бўйича кенгашлар (марказлар) микро ва кичик фирмаларга кредит олишда ёрдам бериши мумкин.

6. Товар ва хизматлар бозорида рақобатни ҳосил қилиш орқали паст самарадорликка эга корхона ва соҳалардан юқори самарадорлиларига кадрлар ва бошқа ресурсларни қайта йўналтириш йўли билан самарадорликни оширишга кўмаклашиш. Монополияга барҳам бериш ва рақобатни кучайтириш корхоналараро ва соҳалараро силжишга таъсир кўрсатади, меҳнат самарадорлиги ва маҳсулодорлигининг, охир-оқибат мамлакат рақобатбардошлигининг ўсишига олиб келади. Бунга қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида экспорт ва импорт монополиясига чек қўйилиши катта ёрдам беради.