Жорий йилнинг 6 ойи давомида Қашқадарё вилояти туман ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаларининг тадбиркорлар манфаатини кўзлаб киритган 3 минг 224 та даъво аризаси кўриб чиқилган. Бу ҳақда Қарши туманлараро иқтисодий судининг судьяси, юридик фанлар номзоди Ҳусан Турсунов «Газета.uz"га маълум қилди.

Шундан 2 минг 997 та ариза қаноатлантирилиб, 85 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тадбиркорлар фойдасига ундириб берилган. Даъво аризаларининг 170 таси рад этилган, 25 таси кўрмасдан қолдирилган, 32 таси бўйича эса, иш юритиш тугатилган.

Мазкур рақамларнинг ўзи ҳам Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ўз вақтида киритилаётган даъво аризаларининг аксарияти асосли эканини кўрсатмоқда. Бинобарин, кўплаб даъволар тўлиқ қаноатлантирилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари суд орқали тикланмоқда.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлар манфаатини кўзлаб иқтисодий судларга тақдим этилаётган даъво аризаларининг барчасини ҳам бирдек асосли, сифатли, аниқ ҳисоб-китоблар билан қонун ҳужжатларини тўғри қўллаган ҳолда берилаяпти, деб бўлмайди. Гап шундаки, бундай даъво талаблари кўп ҳолларда ҳуқуқий жиҳатдан лозим даражада асослантирилмаяпти. Даъво баҳосининг аниқ ҳисоб-китоби йўқ, баъзан эса, қўпол хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилаётганлиги аниқланмоқда.

Энг ачинарлиси, суд муҳокамаси жараёнида манфаатини кўзлаб даъво аризаси тақдим этилган тадбиркорларга нисбатан мулкий зиён етказилиши ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай ҳолат ўша даъво талаблари етарлича асослаб берилмагани оқибатида юзага келаётгани ачинарлидир.

Янада аниқ қилиб айтганда, шартнома шартларини тўғри талқин қилмасдан, ҳужжатларни тўлиқ ўрганмасдан, шошма-шошарлик билан судга даъво аризаси киритилишига йўл қўйилмоқда. Бу ўз-ўзидан, манфаати ҳимоя қилинаётган тадбиркор зиммасига давлат божи харажатларини тўлаш мажбурияти юкланишига сабаб бўлмоқда.

Айрим ҳаётий мисолларга мурожаат қиламиз. Жумладан, суд томонидан Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармасининг «Суҳроббек савдо люкс» масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, жавобгар «GAMMA SERVICE INTERNATIONAL» хусусий корхонасидан 231 040 500 сўм асосий қарз ва 115 520 250 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.

Суднинг 2019 йил 27 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, 231 040 500 сўм асосий қарз ва 1 328 482 сўм пеня ундирилган. Аммо даъвонинг 115 520 250 сўм пеня ундириш ҳақидаги қисми асоссиз эканлиги боис рад этилган. Нима учун?

Чунки тарафлар ўртасидаги шартноманинг 6-бандига кўра, шартнома шартларини бажармаган томонлар ҳар бир кечиктирилган кун учун жами тўланмай қолган суммадан 0,1 фоиз пеня тўлаши белгиланган. Суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатларга кўра, жавобгар қарзни тўлашни 23 кун кечиктирган бўлиб, ундан 6 469 134 сўм пеня тўлаш талаб қилиниши мумкин эди.

Бироқ ҳудудий бошқарманинг даъво аризасида айнан шу кечиктирилган 23 кунга асоссиз равишда 109 051 116 сўм пеня ортиқча ҳисобланган.

Бундай эътиборсизликка даъвогар «Досанрус» масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар «Спартак» хусусий корхонасидан 239 760 000 сўм асосий қарз, 119 880 000 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризада ҳам йўл қўйилган.

Гап шундаки, суднинг 2019 йил 29 мартдаги ҳал қилув қа¬рори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, 239 760 000 сўм асосий қарз ва 671 328 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг 113 118 720 сўм пеня ундириш талаби эса, асоссизлиги боис рад этилган.

Натижада Иқтисодий процессуал кодексининг 68-моддасида белгиланган исботлаш мажбуриятига кўра, пеня талаби ва унинг ҳисоби исботлаб берилмаганлиги сабабли уни қаноатлантириш рад этилиб, манфаати ҳимоя қилинаётган «Суҳроббек савдо люкс» масъулияти чекланган жамиятида 2 181 022 сўм давлат божи ундирилган.

Шундай хато ва камчиликлар яна 5 нафар тадбиркорлик субъектининг манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам такрорланган. Оқибатда қарийб 11 миллион сўмга яқин давлат божини тўлаш мажбурияти тадбиркорлар зиммасига тушди.

Мазкур ҳолатлар бўйича ҳудудий бошқармага нисбатан чора кўриш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига тақдимнома киритилди. Бундан мақсад, албатта, келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олишдир.

Хулоса қилиб айтганда, судлар нафақат низоларни кўриб чиқади, балки эҳтимолий низоларнинг олдини олишга ҳам кўмаклашади. Шундай экан, бу муҳим жараёнларда тақдим этилган даъво аризалари талабларининг асосли ва аниқ ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши суд учун ҳам, манфаати ҳимоя қилинаётган тадбиркор учун ҳам ниҳоятда зарурдир.