2019 йил 2 июль куни Хорижий инвесторлар билан ишлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида эксперимент тариқасида Хорижий инвесторларга кўмаклашиш гуруҳи ташкил этилди.

Гуруҳнинг асосий вазифаси хорижий инвесторларни бизнесни юритиш шартлари тўғрисида хабардор қилиш ва фаол ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш ҳисобланади.

Гуруҳ томонидан хорижий инвесторларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.

Инвесторларнинг мурожаатлари гуруҳ томонидан «business.gov.uz» ахборот тизимига кечиктирилмасдан киритиб борилади.

Бош вазир қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти эса уларни ўрганиб, тегишли чоралар кўриш учун республика даражасидаги ваколатли органларга ёки ҳудудий қабулхоналарга юборади.