Ўзбекистонда 2019−2024 йилларда одам савдосига қарши кураш бўйича миллий стратегияни қабул қилиш ҳамда шу каби жиноятларга қарши кураш бўйича миллий маърузачи институтини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

20 июнь куни АҚШ Давлат департаменти 189 та давлатдаги вазият таҳлил қилинган Одам савдоси тўғрисидаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Ҳужжатда Ўзбекистонда ҳар йиллик пахта йиғим-терими вақтида катта ёшлиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга чек қўйиш, теримчиларга иш ҳақи миқдори оширилгани, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари мониторинги жараёнига жалб қилинган халқаро кузатувчиларнинг тўсқинликларсиз фаолиятини таъминлаш ҳамда пахта теримида болалар меҳнатини тақиқлаш бўйича сезиларли чоралар қабул қилингани қайд этилган.

Мажбурий меҳнатга барҳам беришга олий даражада қатъий киришилгани, фуқаролар, жумладан давлат хизматчиларини мажбурий жамоат ишларига жалб қилишга йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларининг қабул қилингани алоҳида кўрсатиб ўтилган.