Вазирлар Маҳкамасининг «Сирдарё вилоятида агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори 2019 йилнинг 18 июнь санасида қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга кўра:

Сирдарё вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига таркибида целлюлоза мавжуд бўлган экинлар ва алмашлаб экишда қатнашадиган бошқа экинларни етиштириш ва қайта ишлаш циклини яратишни назарда тутувчи агросаноат кластери ташкил этилади;

кластерни яратиш учун «RS Success Agro» МЧЖ ташкил этилади.

Кластернинг асосий вазифалари илғор илмий ютуқларни, целлюлоза мавжуд бўлган экинлар ва бошқа қишлоқ ҳўжалиги экинларини етиштиришнинг замонавий ва самарали усулларини, илғор агротехник ва сув тежамкор технологияларни, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда техник каноп ҳамда зиғир толаси ва уруғини қайта ишлашнинг самарали усулларини ва уларни қайта ишлаш технологияларини жорий этишдан иборат.

Шунингдек, қарор билан «Industrial Innovation Group LLC» (Бирлашган Араб амирликлари) ва «RS Success Agro» МЧЖ томонидан 2019−2023 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг прогноз параметрлари тасдиқланди.