Ўзбекистонда қарийб 2,5 йил ичида қийноқлар ва бошқа ноинсоний ёки қабр-қийматни ерга урувчи муомала шаклларини қўллаган 41 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев душанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Афсуски, масъул лавозимларни эгаллаб турган ҳамма ходимларни ҳам фаришталар деб айтиб бўлмайди. Бу каби саводсиз ёки виждонсиз одамлар айби билан ҳалигача тергов қилинаётган шахсларни қийнаш ҳолатларининг учраётгани — жуда ёқимсиз ҳолатдир. Бироқ бу жараён 10−15 йил аввалгига ўхшамайди», — деди у «Газета.uz» саволига жавоб берар экан.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда тизимли ёндашув жорий этилган бўлиб, унинг доирасида қийноқлар ёки ноқонуний тергов усуллари тўғрисидаги ҳар қандай хабар назорат остига олинади, ахборот ўз тасдиғини топган тақдирда, махсус текширув ўтказилади ва қатъий чоралар қўлланилади.

«Ўзбекистон бу масалада ўзининг аниқ позициясини белгилаб олди», — деди Эркин Юлдашев.

Қийноқлар ва шу каби бошқа ноқонуний ҳаракатлар билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун 2017 йилда 27 киши (терговчи, тезкор вакил ва бошқа мансабдор шахслар), 2018 йилда — 7 киши ва жорий йилнинг беш ойида 7 киши жиноий жавобгарликка тортилди.