15 июнь куни Қаршида 24 ёшли аёл А. Н. чақалоғини 1000 доллар эвазига сотаётган вақтда қўлга олинди, дея хабар қилди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Аёл 28 ёшли Ф. М. билан 10 кунлик чақалоғини 1000 долларга сотиш бўйича келишади. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, йил бошидан буён болаларни сотиш бўйича энг камида саккизта ҳолат тўғрисида хабар қилинди.

Январда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Аҳмад Югнакий мавзесида уч ойлик ўғлини 300 долларга сотмоқчи бўлган Учтепа туманида истиқомат қилувчи Г. П. ва унинг таниши П. Г. Қўлга олинган эди.

Февралда эса шу каби иккита ҳолат қайд этилди. Хоразм вилоятида перинатал маркази ҳамшираси Н. Ю. янги туғилган чақалоқни танишига 1,7 млн сўмга сотишга ҳаракат қилган бўлса, Хатирчи туманида истиқомат қилувчи З. С. уч ёшли ўғлини 8 млн сўм ва 100 долларга сотмоқчи бўлди.

Март ойида ҳам болалар савдоси бўйича иккита ҳолат тўғрисида хабар қилинди. Тошкентнинг Учтепа туманида Самарқанд вилоятидан келган 25 ёшли аёл Ш. О. уч ойлик ўғлини 8000 долларга сотаётганда ушланди. Навоий вилоятининг Кармана туманида эса 38 ёшли Ф. А. янги туғилган ўғлини 5 млн сўмга сотмоқчи бўлди.

Апрель ойида Қашқадарё вилояти Ғузор туманидан муқаддам судланган Х. У. март ойида туғилган ўғлини 4 млн сўм эвазига сотишга қарор қилади. Келишилган маблағнинг 1 млн сўмини олаётган вақтда ички ишлар органлари ходимлари томонидан унинг уринишига чек қўйилди.

Гулистонда эса май ойида опа-сингиллар А. Б. ва Л. Б. янги туғилган қиз чақалоқни 2 млн сўмга сотаётганда қўлга олинди.

Июнда Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 23 ёшли М. З. ма ойида туғилган ўғлини 5 млн сўм эвазига сотаётганда ушланди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Ўзбекистонда 305 та одам савдоси ҳолати қайд этилди. Мазкур жиноятни содир этганлик учун жавобгарликка тортилганлар орасида аёллар тўрт марта кўпроқни — 83 ўрнига 322 нафарни ташкил этди. Ушбу давр мобайнида 72 бола, жумладан 61 нафар янги туғилган чақалоқ одам савдоси қурбонига айланди.