9 июнга ўтар кечаси Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «ТРЗ бозори» номи билан машҳур «Марғилон умумий улгуржи савдо» МЧЖда ёнғин содир бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Фото: Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати.

Хабарда қайд этилишича, тунги навбатчиликда қолган Ш. И. соат 02:00 ларда 3-сонли савдо павильони том қисмидаги электр симида қисқа туташув бўлиб, кучли чақнаш юз берганини ва натижада ёнғин келиб чиққанини кўради. Сўнгра бинони электр тармоғидан узиб, бу ҳақда дарҳол Марғилон шаҳар ёнғин қутқарув қисмига хабар беради.

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг аниқлик киритишисюча, соат 02:10 да ёнғин қутқарув ходимлари ҳодиса жойига етиб борган ва соат 04:20 да ёнғин бўлган ҳудуд қуршаб олинган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ёнғин соат 05:40 да бартараф этилган. Келиб чиққан ёнғин натижасида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар бўлмади. Оловни ўчиришда 19 ўт ўчирувчи ва учта техника иштирок этди.

Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаблари ва бунинг оқибатида тадбиркорларга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Ёнғин оқибатида бозорнинг 1575 кв. метр майдонида томи ва ички қисми ва унда сақланаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ёниб зарарланган.

Ушбу бозорда жами 243 та якка тартибдаги тадбиркорлар савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланиб келади.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Farg’onaliklar Telegram-каналида хабар қилинишича, бозор собиқ трактор таъмирлаш заводи ҳудудида жойлашган. 2013 йилда Марғилонда собиқ тўқимачилик комбинати ўрнига жойлаштирилган «Комбинат бозори» ҳудудида ҳам ёнғин чиққан эди.