Жиноят ишлари бўйича Хазорасп тумани суди ана шундай қилмишларни содир этган икки нафар фуқаронинг айблов ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани судининг раиси Акбар Аминов «Газета.uz"га хабар берди.

Кейинги икки йил мобайнида туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли шифохонада руҳий хасталиклар шифокори вазифасида фаолият юритган Шуҳрат Абдираимов ёши элликдан ўтса-да, оқни қорадан, эгрини тўғридан фарқлай олмади. У ўзи ва оиласи бахтини ҳалоллик, поклик, фидойиликка йўғрилган машаққатли меҳнат майдонидан эмас, чоҳга, тубсиз жарга элтувчи хатарли йўл ва манзиллардан излади. Билим, малака, тажриба йўлидаги сермеҳнат ишни бир чеккага сурган ҳолда нуқул чап чўнтагига оқиб кирувчи бойликни кўзлади. У пулнинг йўлига тузоқ солишга қаратилган ҳаракатини ана шу тариқа бошлади ва бу тез орада ўз натижасини кўрсатди. «Ов» бароридан келди. Ана шундай кунларнинг бирида фуқаро М. Матчонова унинг ҳузурига келди. Муддаоси: қайнукаси Ғ. Рўзиматовни даставвал ақли заифлар, сўнгра эса, ногиронлар сафига қўшиб, чинакам нафақахўрга айлантиришдан иборат экан.

«Шифокор» мижозига бу йўл қалтис ва боши берк эканлигини эслатмади, касби тақозо этган бурч ва мажбуриятларни унутди.

Аксинча, мижозининг йўлига пешвоз чиқиб, ишнинг чиқим ва сарфу харажатларидан гап очди. Аллакимларга пора сифатида узатиш ҳақидаги дастакни пеш қилди. Руҳий хасталиклар шифокорининг хизмат хонаси тез орада чинакам «савдо» майдонига айланди. Ш. Абдираимов ўзининг «камтарин хизмати» ва вилоят Руҳий касалликлар шифохонасидаги ҳамтовоқларига узатилажак поранинг қийматини 600 минг сўм қилиб белгилади. Мижоз унинг таклифига рози бўлди. Кейинчалик эса, у бунча маблағни қаердан топишни билмай боши қотди. Охир-оқибат эса, у ўйлай-ўйлай уйига эмас, балки тегишли маҳкамага йўл олди. Бу ерда махсус кукунлар билан «зеб» берилган 600 минг сўм М. Матчонованинг қўлига топширилди. У пулни қўлтиқлаганча, «ҳожатбарор шифокор» ҳузурига йўл олди. Бари хамирдан қил суғургандай осон ва силлиқ кечди. М. Матчонованинг «беминнат тортиғи» Шуҳратбойнинг чап чўнтагидан жой олди.

Бу машъум воқеа ўтган йилнинг 1 декабрь куни шифокор учун белгиланган иш соатлари поёнига етар чоғи рўй берди. Ш. Абдираимов ўша куни оиласи бағрига қайтмади. Қинғир қадами уни тегишли ҳуқуқ тартиботи маҳкамаси томон етаклади.

Эслатмоқ ўринли: кўп тармоқли поликлиниканинг руҳий касалликлар шифокори масъул ёки мансабдор шахс саналмайди. Демак, шифокор Ш. Абдираимов бирон-бир шахсга ногиронлик нафақаси белгилаш ваколатига эга эмас. «Пора» эса, шу ишнинг тепасида турган, унинг пешини тутган кишиларга бериладиган ноҳалол луқма. Бундан кўринадики, унинг қилмиши порадан холи ва одамларни алдаган, чув туширган, ризқига кўз олайтирган кўйи амалга оширилган фирибгарликдан бўлак ҳеч нарса эмас. Табиийки, тергов органи ҳам шундай хулосага келди. Руҳий касалликлар шифокорининг қилмиши Жиноят кодексининг фирибгарликка тааллуқли 168-моддаси 3-қисми ва пора беришга уринишдан иборат 28,211-моддаси 1-қисми бўйича малакаланди.

Қонуннинг қатъий сўровига дуч келган бошқа бир фуқаро, урганчлик Баҳром Рўзиматовнинг қилмиши эса, ниқобланмаган ҳақиқий фирибнинг ўзгинаси бўлиб чиқди.

Аммо бундай қора қилмишга қўл урган кимса ўзини фирибгар атамаслиги турган гап ва бундай дастакни айби инкор этилмас далиллар асосида тасдиқланган Б. Рўзиматов ҳам пеш қилди. Айбини қисман тан олди. Қилмиши фирибга далолат қилса-да, ундан тонди. Ҳар икки сўзнинг бирида пулни қарзга олганини таъкидлади. Балки, чиндан ҳам, шундайдир.

Бироқ ҳарқалай, қарзнинг йўриғи бўлак. Олинган пул эгасига белгиланган фурсатда қайтсагина қарз ҳисобланади. Башарти, у шу муддатда қайтарилиб, ора очиқ қилинмас экан, уни қарзга йўйиб бўлмайди. Қарзга дея олинган пулнинг тўлови ҳар хил баҳоналар билан пайсалга солинса, пировардида эса, тап тортмай ўзлаштириб юборилса, уни фирибдан бўлак яна нимага ҳам йўйиш мумкин?

… Баҳромбой ана шу ниятда 2015 йилнинг 6 февраль куни таниши О. Қурбоновдан оз эмас, сўмга чаққанда нақд 121,8 миллион сўмга тенг 50 минг АҚШ долларини «қарз"га кўтарди.

Унинг тадбиркорликка ундаш, Тошкент шаҳрида олий таълим даргоҳларига ўқишга кирувчилар учун тайёрлов курсларини очиш, шу йўл билан мўмай даромад орттириш ва олинган пулни икки ой муддат ичида анча-мунча устамаси билан эгасига қайтариш ҳақидаги ваъдалари пуч бўлиб чиқди. Орадан салкам тўрт йил ўтса-да, зиммасидаги бурчини бажармади. «Қарз"нинг атиги 11 минг долларинигина эгасига қайтарди.

Яна бир фуқаро У. Эшчоновнинг 120 миллион сўм миқдоридаги пули эса, 2016 йилнинг июнь ойи бошларида Б.Рўзиматов томонидан ваъда қилинган «холис хизмат» эвазига қўлга киритилди.

«Ҳожатбарор» домла ушбу пул эвазига У. Эшчоновнинг ўғли С. Собировни юқори малакали муаллимлар кўмагида олий таълим муассасасида таҳсил олиш учун ўқишга тайёрлаш ва талабалигини кафолатлаш мажбуриятини зиммасига олди. Афсуски, талабаликка орзуманд йигитнинг нияти ушалмади. Олий ўқув юрти эшиклари унинг учун очилмади. Буни кўрган отанинг ҳасрати эса, осмонга ўрлади.

Оларнинг берарини сўраб, Б. Рўзиматовни излашга тушди. Қани энди, уни топиб дарду ҳасратини тўкиб солса? Йўқ, уни тополмади. «Домла» тутқич бермади. Шу кетганча дом-дараксиз йўқолди. Устамонлигу, уддабурроликни қаранг: Б. Рўзиматов бунгача ҳам яна бир фирибнинг уддасидан чиқди. Бир думалаган кўйи ўқишга киритишнинг «гарантияли домласи"дан биноийдай «адвокат"га айланди: йўлида учраган С. Турсуновага ўзини айнан шундай рутбада таништирди. Ўз оёғи билан йўлини кесиб чиққан бундай уддабурон «ҳуқуқ ҳимоячиси"ни кўриб, суюнганидан эси оғаёзган янги мижоз Б. Рўзиматовнинг сазасини ерда қолдирмади — 5 минг АҚШ долларини ўз «ҳожатбарори» илкига қўшқўллаб топширди. Афсуски, устомон «адвокат» мижози С. Турсунованинг озодликдан мосуво ўғлини бу аччиқ қисматдан халос этолмади. Ўғлини 10−15 кун ичидаёқ озод қилиб, онаизорнинг бағрига қайтариш ҳақидаги ваъдасини бажаришдан, табиийки, ожиз қолди.

Орадан кўп ўтмай С. Турсунованинг бедарак кетган мўмайгина пули ортидан ясама адвокатнинг ўзи ҳам ғойиб бўлди.

…Қисқа муддат ичида ўз мижозларининг миллий валютамизга чаққанда жами 260 миллион сўмдан зиёдроқ миқдордаги пулини фириб йўли билан жиғилдонига жойлаган кўйи хилватга қочиб яширинган Б. Рўзиматовга нисбатан қидирув эълон қилинди. Хорижлик изқуварлар билан қилинган ҳамкорлик иш берди. Қидирувдаги Б. Рўзиматов 2018 йилнинг сентябрь ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан ушлаб келинди.

… Судда унинг важ-корсонларига инониш учун асос топилмади. Негаки, содир этилган давомли фириб амаллари ҳамма жойда мана ман деб турибди ва уни жиноий кирдикордан холи ҳаракат сифатида изоҳлашнинг имкони йўқ. Қолаверса, унинг фирибгарликка оид қилмишлари баён этилганларнинг ўзидангина иборат эмас. У бунгача ҳам айнан шундай жирканч ишга бош суқиб, ҳали ўттиз ёшга етмаёқ Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси, шунингдек, ушбу кодекснинг пора беришга суиқасд қилишда ифодаланувчи 211-моддаси тегишли қисмлари бўйича жавобгарликка тортилган, фақат амнистия актига мувофиқ жазодан озод қилинган. Унинг бу галги давомли қилмишларини ўшанда ўзи бош бўлиб, юзага келтирган машъум жиноят занжирининг яна бир ҳалқаси бўлиб чиқди.

Шу аснода фириб аталмиш жирканч амални бирмунча ниқобланган ҳолда намоён этган ҳазорасплик шифокор Ш. Абдираимов ва элнинг нафратига «сазовор» бу амални ҳамманинг кўз ўнггида очиқчасига намойиш қилган Б. Рўзиматовлар ўз ғаламислигининг ажрини тортдилар. Гарчи Ш. Абдираимовнинг қилмишидан пора ва порахўрликнинг қўланса ҳиди рўй-рост анқиган эса-да (башарти у мансаб эгаси тоифасига мансуб бўлганида ҳеч шубҳасиз, ушбу айбни елкалаган бўларди), суд уни Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора беришга қасд қилишдан иборат 168-моддаси 1-қисми (тергов органи уни ушбу модданинг 3-қисми бўйича айблагани юқорида зикр этилди) ва 28,211-моддасининг 1-қисми бўйича айбдор, деб топди.

Б. Рўзиматовнинг айби эса, ушбу кодекснинг 168-моддаси 3-қисми билан малакаланди. Ҳар иккала кирдикорга оид жиноят ишини атрофлича кўриб чиққан дастлабки босқич суди Ш. Абдираимовни оиласи бағридан ажратмаган, Б. Рўзиматовни эса, муайян муддатга озодликдан маҳрум этган ҳолда қайта тарбиялашни мақсадга мувофиқ, деб топди.