Хитой жавоб чораси сифатида 1 июндан АҚШ маҳсулотларига 60 млрд доллар ҳажмда оширилган бож тўловини жорий этмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди.

2493 номдаги товарларга бож 25 фоиз, 1078 номдагиларга — 20 фоиз, 974 тоифадаги маҳсулотларга — 10 фоиз миқдорида бож солинади. 595 номдаги товарлар учун бож миқдори ўзгаришсиз — 5 фоизлигича қолади. Хитой ҳукумати АҚШ Хитой импортига бож миқдорини 10 фоиздан 25 фоизга оширганидан сўнг ушбу чораларни қўллади. Бож тўловлари 200 млрд долларга яқинроқни ташкил этади.

Хитой товарларига божларнинг навбатдаги оширилиши манзарасида жорий ҳафтада Вашингтонда бўлиб ўтган савдо бўйича Америка-Хитой музокараларининг яна бир раунди натижасиз якунланди.

Оширишлар манзарасида Хитой Халқ банки юаннинг долларга нисбатан курсини бирваракайига 0,6 фоизга заифлаштирди. Марказий банк айирбошлаш курси рационал ва барқарор даражада сақланишига ишонч билдирди.

Хитой Медиакорпорацияси маълумотларига кўра, Хитой иқтисодиётининг экспортга қарамлиги 17,9 фоизгача пасайди, мамлакат ЯИМ ўсишида истеъмол улуши коэффициенти 76,2 фоизни ташкил этади. Биринчи тўрт ой давомида ташқи бозордаги Хитой-Америка савдо улуши ҳажми 11,5 фоизгача қисқарди, АСЕАН ва ЕИ давлатлари билан савдо ҳажми эса тезкор ўсишда давом этмоқда. Хитой томони савдо урушида қатнашиш хоҳиши йўқлигини, шу билан бирга, ундан қўрқмаслигини маълум қилди.

Хитой ва АҚШ қарийб бир йилдан буён савдо-иқтисодий можарони ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йил декабрь ойи бошида Дональд Трамп ва Си Цзиньпин «ярашиш» тўғрисида келишувга эришган эди. АҚШ агарда Вашингтон ва Пекин 90 кун ичида келиша олса, божларни оширмасликка рози бўлди. Томонлар шу вақтга қадар бир неча маротаба музокаралар ўтказди.