Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг телеграм канали орқали хабар берилди.

Ҳужжат билан ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида ТКТИнинг Янгиер филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қарор лойиҳасида филиалнинг асосий вазифалари этиб кимёвий технологияларнинг тегишли йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, корхоналарнинг муаммоларини ечишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш ва бошқалар белгиланган.

Лойиҳага кўра, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалига 2019/2020 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари учун 175 та қабул квотаси ажратилган:

5320400, Кимёвий технология (ноорганик моддалар кимёвий технологияси) — 25;

5320400, Кимёвий технология (асосий органик синтез технологияси) — 25;

5320400, Кимёвий технология (қурилиш материаллар технологияси) — 25;

5320300, Технологик машина ва жиҳозлар (кимё саноати) — 25;

5311000, Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқарув (тармоқлар бўйича) — 25;

5321000, Озиқ-овқат технологияси (гўшт-сут ва консерва маҳсулотлари) — 25;

5321000, Озиқ-овқат технологияси (нон, макарон ва қандолат маҳсулотлари) — 25.

Ҳужжатда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб филиал учун республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича мақсадли қабул квоталари ажратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, филиални юқори малакали, илмий ва илмий педагогик кадрлар билан таъминлаш мақсадида таянч докторантурага филиал учун 2020 йилдан бошлаб белгиланган тартибда квоталар ажратилишини таъминлаш белгиланган.