Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Марказий Осиёда муқобили бўлмаган Спорт реабилитация маркази фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур марказ ёшларни эрта даврдан физиологик ва психологик имкониятларидан келиб чиқиб спорт турларига йўналтириш, спортчиларни танлаб олиш ва баҳолаш бўйича ишончли тизимни жорий этиш, қолаверса, спортни фан сифатида ўрганиш тизимини яратиш каби вазифаларни бажаради. Бундан ташқари Марказда жароҳат олган спортчиларнинг қайта тикланиши учун жаҳон талабларига жавоб берадиган шароитлар яратилади.

Марказ ташкил этилиши бир неча босқичда амалга оширилиб, дастлаб спорт реабилитация, жисмоний тайёргарлик, оммавий саломатликни назорат қилиш, ёш иқтидорларни селексия қилиш марказлари ва ўқув платформаси аудиторияси яратилади. Кейинги босқичларда эса спортни фан соҳасида ривожлантиришга қаратилган бир қанча лабораториялар ва ихтисослашган марказларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, марказда спортчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини доимий мониторинг қиладиган тизим йўлга қўйилиб, уларни мусобақаларга тез ва сифатли тайёрлашга ёрдам кўрсатилади.

Хабарда қайд этилишича, вазирлик томонидан бу борада ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари таҳлил қилиниб, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш имкониятлари ўрганилди.

Шу йилнинг феврал ойида ишчи ташриф билан Хитойда бўлган вазирлик делегацияси Ўзбекистонда Спорт реабилитация марказини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказиб, хитойлик мутахассислар томонидан мамлакатдаги мавжуд шароит ва имкониятлар ўрганилди. Иккала томон ушбу марказни ташкил этиш бўйича ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқди.

26 апрель куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига Хитойнинг AVIC INTL компанияси делегацияси билан бўлиб ўтган музокараларда Спорт реабилитация марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Хорижий лойиҳа инженеринг компанияси вакиллари Спорт реабилитация маркази вазифалари ва имкониятлари ҳақида вазирлик масъулларига тақдимот ўтказди.

Тадбирда шунингдек, марказ жойлашадиган ҳудуд масаласи ҳам муҳокама қилиниб, таклиф этилган иншоотлар орасидан Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудуди анча қулай эканлиги таъкидланди.

Республиканинг тўртта ҳудудида марказ филиалларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, AVIC INTL компанияси 1979 йилда ташкил этилиб, дунёдаги энг йирик 500 та компаниясидан бири ҳисобланади. 65 та давлатда 148 ваколатхонаси бўлган компаниянинг бир йиллик маблағ айланмаси 25 млрд долларни ташкил этади.