22 апрель куни навбатчилик қисмига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали томонидан трактор ағдарилиши натижасида жабрланган оғир аҳволдаги фуқарога ёрдам кўрсатиш зарурлиги бўйича мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро бошқарувидаги трактори билан дала майдонига экин экиш вақтида, сурункали ёмғир ёғиши таъсири ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, трактор бир неча марта ағдарилиб кетган.

Натижада оғир тан жароҳати олган Б.М. Оққишлоқ аҳолиси томонидан зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш учун қишлоқ врачлик пунктига олиб борилган. Мутахассислар томонидан жабрланганга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш лозимлиги аниқланиб, беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига этказиш кераклигини айтган. Бироқ ноқулай об-ҳаво, йўллардаги носозлик, шунингдек, қишлоқ ва туман маркази ўртасидаги узоқ масофа туфайли беморга зудлик билан ёрдам кўрсатишнинг имкони бўлмаган.

Шу сабабли Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг мурожаати асосида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ томонидан беморни эвакуация қилиш учун Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли МИ-171 вертолёти ажратилиб, фуқаро Б.М. қутқарувчилар назорати остида Қарши шаҳридаги Хонобод аэродромига етказилган.

Бемор аэродром ҳудудидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига етказилган. Ҳозирда беморга барча зарурий ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.