Ўзбекистон бозорида Mastercard ва Visa тўлов тизимларининг пайдо бўлиши кучли рақобатни келтириб чиқаради, дейди Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов. МБ вакили ўтган чоршанбада бўлиб ўтган брифингда ҳалқаро тўлов тизимларининг кенг қўлланилмаётганига уч сабабни санаб ўтди.

Биринчиси — тўлов инфратузилмаларининг мавжуд эмаслии. Ботир Зоҳидов ойлик маошларни Visa карталарига ўтказиб беришни чекловчи ҳеч қандай қонуний ва маъмурий тўсиқлар мавжуд эмаслигини маълум қилди. бироқ банклар бундай маҳсулотларни таклиф қилмайдилар, чунки улардан ҳеч қаерда фойдаланиб бўлмайди.

«Ойлигингизни Visa картасига ташлаб беришди, уни кейин нима қиласиз? Адашмасам, мамлакат бўйлаб бор-йўғи 3000 та Mastercard ва Visa карталарига хизмат кўрсатувчи POS-терминаллари мавжуд. Humo лойиҳаси барча савдо-хизмат кўрсатиш корхоналарини тўлов инфратузилмалари билан таъминлашни кўзда тутади ва у Visa, Mastercard ва UnionPay билан интеграциялашган бўлади», — деди у.

Эквайринг учун комиссиянинг йўқлиги — иккинчи сабаб. Халқаро тўлов тизимларида у тўлақонли ишламайди.

«Қарийб барча мамлакатларда савдо шохобчаларидан комиссия олинади. Шунинг ҳисобидан тўлов тизимларининг банклараро комиссияси қопланади. Масалан, Россияда тўлов карталари эквайринги учун ўртача 2,-2,5 фоизлик комиссия олинади. Бунинг устида тўлов тизими ҳам, банклар ҳам пул ишлайди. Ушбу маблағлардан бир қисм маблағ фойдаланувчига кешбэклар кўринишида қайтарилади. Ушбу барча комиссия тўловларини савдо шохобчалари тўлайди», — деди Ботир Зоҳидов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш учун савдо шохобчалари ва карта эгаларидан комиссия тўловини олмасликка қарор қилинган, инфратузилмаларни сақлаш бўйича харажатлар эса банклар томонидан қопланади.

Ботир Зоҳидовнинг тахминича, бу шароитда Visa, Mastercard ёки бошқа ҳар қандай тўлов тизими бепул ишламайди, ҳар бир транзакция учун 2−3 фоизлик тўловга эса, бутун дунёда шундай қилишса ҳам, «бизнинг савдогарлар рози бўлмайди». халқаро тўлов тизимлари харажатларни қоплай олишлари учун, «биз банклар билан биргаликда савдо шохобчаларини ушбу маблағларнинг бир қисмини тўлашга ўргатишимизга тўғри келади».

Учинчи сабаб — бир неча карталарни ягона ҳисоб рақамига боғлаш механизмлари мавжуд эмас.

МБ раиси ўринбосарининг фикрича, локал карталар бўлиши керак. Битта ҳисоб рақамига бир неча: локал ва Mastercard карталарни боғлаш мумкин бўлиши керак — қайси бири қулай бўлса ўшандан фойдаланса бўлади. Марказий банк, Ботир Зоҳидовнинг сўзларига кўра, шундай тизимни ишлаб чиқиш устида технологик ишларни амалга оширмоқда.