Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти, туман (шаҳар) судлари томонидан 2019 йилнинг биринчи чораги давомида 709 шахс муддатидан илгари шартли озод қилинган (581 шахс) ва тайинланган жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган (128 шахс). Ушбу шахслардан 139 нафари қамоқдан озод қилиниб, ўз оиласини бағрига қайтарилган. 709 шахсдан 70 нафари аёллар, 13 нафари 60 ёшдан ошган эркаклар, 275 нафари ёшлар ташқил қилади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиев маълум қилди.

Жиноят кодекси 7-моддасида, инсонпарварлик принципи — жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак, жазолашдан кўзланган мақсадга ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддаларида назарда тутилган енгилроқ чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкинлиги қайд қилинган.

Жиноят кодекси 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш нормаси, шу Кодекснинг 74-моддасида эса — жазони енгилроғи билан алмаштириш нормаси ўз аксини топган.

Мазкур қонун талабларига кўра, жазодан озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ҳамда жазонинг белгиланган қисмини ўтаган маҳкумга нисбатан қўлланилади.

Мазкур институтни қўллаш борасида Самарқанд вилоятидаги судлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган. Масалан, жиноят ишлари бўйича Тайлоқ туман судининг 2017 йил 1 декабрдаги ҳукмига асосан оғир жиноят содир этган Г. Назарова 5 йил 6 ой муддатга озодликдан махрум қилинган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2018 йил 4 февралдаги ажрими билан Г. Назарова 37-сонли манзил-колонияга этап бўлиб келган ва манзил-колониясига келган кундан бошлаб, муассасада ва туркумда бўладиган оммавий тартибот ва тарбиявий тадбирларга фаол иштирок этганлигини, берилган топшириқларни ўз вақтида бажариб, ўзининг меҳнатсеварлиги билан бошқаларга ўрнак кўрсатиб келаётганлигини, ҳулқ атвори яхши эканлигини инобатга олиб, ўталмай қолган 2 йил 6 ой 15 кун жазо муддатини Ўзбекистон Республикаси ЖК 74 — моддаси 3 — қисмининг «в» бандига асосан енгилроғи билан алмаштириш ҳақидаги тақдимнома судга киритилган.

Ушбу тақдимнома жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман суди томонидан 2019 йил 20 март куни кўриб чиқилиб, Самарқанд вилоят ИИБ 37-сонли манзил-колониясининг тақдимномаси қаноатлантирилиб, ЖКнинг 74-моддасига асосан маҳкум Г. Назарованинг ўталмай қолган 2 йил 6 ой 15 кун жазоси шу муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган ва қамоқдан озод қилиниб, икки нафар вояга етмаган фарзандлари бағрига қайтарилган.

Мухтасар қилиб айтганда, судлар томонидан одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини амалга оширишига кўмаклашувчи нормалар миллий қонунчилигимизда ўз аксини топган бўлиб, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилиниши кафолатланган.