ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1983 йил Наманган шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Баҳром Баҳодиров ўз бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автомашинада «Наманган-Заркент» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида Янгиқўрғон тумани, «Газнон» МФЙ ҳудудида тўхтатилди. Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида целофан пакетга солиниб, скотч билан ўралган 967 311 АҚШ доллари борлиги аниқланди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Дастлабки терговолди суриштирув вақтида маълум бўлишича, у божхона назоратини четлаб ўтиб, ушбу пулларни Қирғизистонга ўтказишни режалаштирган.

Шунингдек, унинг шериги, 1972 йил Наманган шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Абдумажид Носиров ҳам «Тошкент-Наманган» йўналишида «Нексия» русумли автомашинани бошқариб кетаётган вақтида, Чуст тумани ҳудудида тўхтатилди. Унинг автомашинаси кўздан кечирилганда, 591 487 АҚШ доллари борлиги аниқланди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Катта миқдордаги ушбу хорижий валюта ҳам Баҳром Баҳодировга етказилиши ва Янгиқўрғон тумани «Заркент» МФЙ ҳудудидаги айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтказилиши лозим бўлган.

Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида жами 1 млн. 558 минг 798 АҚШ долларининг ноқонуний тарзда Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилишининг олди олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ДХХ Наманган вилояти бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.