МДҲ давлатлари Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгаши (ЧҚҚК) 81-йиғилишида 20 дан ортиқ қарорларни қабул қилди, дея хабар берди МДҲ ЧҚҚК Мувофиқлаштириш хизмати раиси генерал-полковник Александр Манилов. Улар орасида 2019−2020 йилларда махсус операцияларга тайёргарлик кўриш ҳамда 2021−2025 йилларда ҳамкорлик дастурларига оид қарорлар ўрин олди.

Йиғилиш пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтди. Унда ҳамдўстликка аъзо саккиз давлат чегара маҳкамалари вакиллари, шунингдек МДҲ Ижро қўмитаси раиси Сергей Лебедов ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов иштирок этди.

«Кун тартибидан тўққиз масала ўрин олган бўлиб, МДҲ давлатлари чегара маҳкамалари раҳбарлари Кенгашнинг 20 дан ортиқ қарорларини қабул қилди», — деди Александр Манилов. Унинг сўзларига кўра, мажлис жараёнида Марказий Осиё ҳудудининг ташқи чегараларидаги вазият ва яқин истиқболда унинг ривожланиш тенденциялари муҳокама қилинди.

Кенгаш иштирокчилари 2021−2025 йилларда ташқи чегараларда чегара хавфсизлигини мустаҳкамлашда ҳамдўстлик давлатлари ҳамкорлиги дастури лойиҳаси, шунингдек МДҲ давлатлари кенгашининг ташқи чегаралардаги инқирозий вазиятларни бошқаришга қаратилган МДҲ давлатларининг чегара ва бошқа маҳкамалари гуруҳлари таркибига киритиш учун тузилмалар рўйхати тўғрисидаги қарорини маъқуллади.

Шу билан бирга, кенгаш фаолиятини режалаштириш ҳамда МДҲ давлатлари чегараларини муҳофаза қилиш шакл ва услубларини такомиллаштиришга қаратилган қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш масалалари бўйича ҳам ҳужжатлар қабул қилинди.

«Гуманитар соҳада ҳамкорлик маъқулланди, бунда асосий эътибор 2020 йилда 1941−1945 йилларда Улуғ ватан урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб МДҲ давлатлари ташқи чегаралари бўйлаб эстафетани ташкил этишга қаратилди», — дея қўшимча қилди Александр Манилов.

МДҲ ЧҚҚКнинг навбатдаги йиғилиши йилнинг иккинчи ярмида Беларусда бўлиб ўтади.