Тошкент Mercer халқаро консалтинг компанияси ҳар йили ўтказадиган ҳаёт сифати бўйича дунёнинг энг яхши шаҳарлари рейтингида 203-ўринни эгаллади. Рўйхатдан жами 231 шаҳар ўрин олди.

Рейтингни тузишда экспертлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий муҳит, давлат хизматлари, транспорт, истеъмол товарлари, кўнгил очиш ва турар-жойнинг ҳаммабоплиги каби омилларни ҳисобга олди.

Вена (Австрия) тўққизинчи йилдирки яшаш энг қулай шаҳар сифатида тан олинмоқда. Иккинчи ўринни — Цюрих (Швейцария), учинчи — Ванкувер (Канада) ва Мюнхен (Германия) эгаллади. Энг яхши шаҳарлар ўнлигидан Окленд (Янги Зеландия), Дюссельдорф ва Франкфурт (Германия), Копенгаген (Дания), Женева ва Базель (Швейцария) ҳам ўрин эгаллади.

Рейтингда Марказий Осиёда энг яхши кўрсаткични Олма Ота (Қозоғистон) қайд этди — 177-ўрин. Ашхобод (Туркманистон) 211-ўрин, Душанбе (Тожикистон) — 215-ўрин, Бишкек (Қирғизистон) — 206-ўринни банд этди.

Энг сўнгги поғоналарда Сана (Яман), Банги (МАР) ва Боғдод (Ироқ) санаб ўтилди.