Навоий вилоятига сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев фаоллар йиғилишидан сўнг Навоий шаҳридаги Давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган, фуқароларга юздан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Нотариал хизматлар, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш, паспортни расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва бошқалар шу ернинг ўзида амалга оширилади.

Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида болалар майдончаси, кафе, китоб жавонлари, бепул Wi-Fi ташкил этилган. Бу ерга келганлар улардан фойдаланиб, кутиш вақтини мазмунли ўтказиши мумкин.

Марказга келолмайдиган ҳамда олис овул ва маҳаллаларда яшайдиган аҳоли учун махсус транспортларда жойларга чиққан ҳолда хизмат кўрсатилади.

Президент Халқ қабулхонасининг марказдаги бўлимига кириб, ходимлар билан суҳбатлашди. Аҳоли қандай масалалар бўйича мурожаат қилаётгани билан қизиқди.

Шу ерда Навоий вилоятида тадбиркорлик, кичик бизнес ва ҳунармандликни ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хусусан, эксперимент тариқасида «Навоий — тадбикорлар вилояти» лойиҳаси амалга оширилади. Бунда тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида уларни рўйхатдан ўтказишда давлат божи икки баробар камайтирилади. Қатор хизмат кўрсатиш соҳаларига имтиёзлар берилади.

Давлат раҳбари марказда тадбиркорлар учун хизматларни кенгайтириш, хусусан, уларга ер ажратиш, қурилишга рухсат олиш каби жараёнларни интеграциялаш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Навоий шаҳридаги 3-сонли ички ишлар бўлимини бориб кўрди.

Бу ерда яратилган шароитлар, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Давлат раҳбари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар билан мулоқотда аёлларнинг турмуш шароитларини ўрганиб бориш, дарду ташвишларига кўмак бериш зарурлигини таъкидлади.

— Агар жамиятимизни адолатга ишонтирмоқчи бўлсак, аввало, хотин-қизларнинг ишончини қозонишимиз, уларни асрашимиз керак. Аёлнинг яшаш тарзи, дунёқараши оила муҳитини белгилайди. Бу фарзандлар тарбияси учун жуда муҳим, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ички ишлар бўлимидаги ситуацион марказни кўздан кечирди. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга ихтисослашган дастурий маҳсулотлар яратиш, жиноятчиликни турлари бўйича таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берди.

Шунинг билан Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи якунланди.