Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эдилар. Бугун Гулистон шаҳрида ана шу мактаб биносига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди, дейилади вилоят ҳокимлиги сайтидаги хабарда.

Тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева ҳамда бир гуруҳ вилоят фаоллари сўзга чиқди.

Жорий йилнинг 25 августигача қуриб фойдаланишга топширилиши кутилаётган мазкур ўқув муассасасида 150 нафар ўғил-қиз таълим олиши мўлжалланмоқда.

Қурилишнинг лойиҳа таклифига кўра, мактаб умумий кўриниши лайлакни эслатувчи бинога эга бўлади. Унда Ҳалима Худойбердиева ҳаёти ва ижодига оид музей ҳам жой олиши белгиланган.