2 март куни Москва вақти билан 21:59 да «Пулково» аэропортида Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY631 Тошкент-Санкт-Петербург рейси бўйича қатновчи Boeing-767 UK677008 самолётининг олд ғилдираклари шассиси учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди.

Авиакомпания матбуот хизматининг хабар қилишича, бунга об-ҳаво (қор) ва йўлаклар ҳолати сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳодисадан самолётга зарар етмади. Бортда 241 йўловчи ва 15 нафар экипаж аъзоси бўлган.

Россия Тергов қўмитаси ва Росавиация ҳодисани ўрганмоқда.

Воқеа муносабати билан Тошкентга учувчи HY632-рейс вақти ўзгарди.

Авиакомпания маъмурияти вазиятни тезда тартибга солиш бўйича чораларни кўриб, ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўради.