Тошкент ИИББ жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ва ҳайвонларни уриштириш учун жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифларни тайёрламоқда. Бу ҳақда бошқарма сайтида хабар қилинди.

Интернетда Ўзбекистон ҳудудида итлар жанги ташкил этилгани тўғрисида кўплаб маълумотлар эълон қилинмоқда, дея қайд этади ИИББ матбуот хизмати. Жумладан, ўтган ҳафта «ИИББ: аҳоли билан мулоқот (Тошкент)» Facebook-гуруҳида Сергели туманида итлар жанги тўғрисидаги пост эълон қилинди.

«ИИББ зудлик билан мазкур хабарга муносабат билдирди. „Кўргазма“ сифатида эълон қилинган тадбир ташкилотларига нисбатан чора кўрилди: ҳодиса жойига Сергели туман ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари етиб бориб, жанглар тўхтатилди. Маъмурий суд „Ўзбек бўрибосарлари“ жамияти раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2001-моддасида („Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш“) кўзда тутилган қоидабузарликда айбдор деб топди, унга нисбатан жарима жазоси белгиланди», — дейилади хабарда.

ИИББ, жумладан бошқа давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда бу каби жангларни аниқлаш ва уларга барҳам бўйича ишларни бошлади. АҚШ қонунчилигида итлар жангини ўтказиш тақиқланади ва уларни уюштирганлар қатъий жазоланади. Буюк Британияда шафқатсиз муносабатда бўлиш 51 ҳафтагача муддатга озодликдан маҳрум этиш ва 20 минг фунтга миқдорда жаримага сабаб бўлади, дея мисол келтиради бошқарма.

Миллий қонунчиликда ҳайвонлар жангини тўғридан-тўғри тақиқловчи моддалар йўқ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси («Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш») ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини кўзда тутади.