Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати пайшанба куни бўлиб ўтган 18-ялпи мажлисда «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунни маъқуллади, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Тиббий хизматлар ҳаммабоплиги ва сифати, шахсий ҳаётга аралашувлардан ҳимоя ва оилавий сирларни сақлаш, инсонпарварлик ва инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек эркаклар ва аёллар тенглиги репродуктив саломатлик ва оилани режалаштиришни муҳофаза қилишнинг асосий тамойиллари этиб белгиланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, давлат фуқароларнинг қуйидаги ҳуқуқлари кафолатлайди:

  • репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш ва уларнинг репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш;
  • Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича хизматларнинг ҳаммабоплиги ва изчиллиги;
  • Таҳқирлаш, таҳдид ва зўравонликларсиз соғлом оилани шакллантириш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш;
  • Уларнинг шахсий ҳаётига аралашмаслик, шахсий ва оилавий сирларни сақлаш;
  • Бепул биринчи тиббий-санитар ёрдам;
  • Фуқароларнинг мустақил қабул қилган қарорлари асосида репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисидаги ишончли ва тўлиқ маълумотларни олиш, ҳомиладорлик, туғруқ ва туғруқдан кейинги тадбирлар, даволаш жараёнлари ва хизматлар, ҳомиладорлик ва болани туғиш жараёнининг асоратлар ва муаммоларсиз кечишини таъминлаш, репродуктив тизимлар касалликларидан огоҳлантириш ва даволаш, жинсий йўл билан юқувчи касалликлардан огоҳлантириш ва уларни даволаш, ҳомиладорликдан хавфсиз сунъий танаффус, контрацепция услублари тўғрисида маълумот олиш кабиларни назарда тутади.

Ҳужжат билан қонунчиликка фуқароларнинг репродуктив саломатлиги, ёрдамчи репродуктив технологиялар ва бошқалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасига киритилган суррогат оналик, криоконсервация ва донорлик каби тушунча ва бандлар олиб ташланди.

Маълумотнома: Январда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисига киритилган қонун лойиҳасида муҳокамаларида суррогат оналик, эмбрионлар донорлиги каби алоҳида замонавий ёрдамчи репродуктив технология турларини қонунчиликка киритишга ҳали вақт борлиги тўғрисида қарор қабул қилинган.

Қонунда қуйидаги ёрдамчи репродуктив технологиялар санаб ўтилган:

  • экстракорпорал уруғлантириш (эркак ва аёл жинсий ҳужайраларини аёл организмидан ташқаридан сунъий бирлаштириш, эмбрионни ривожлантириш ва ушбу бирлашма натижасини кейинчалик она бачадонига кўчириш)
  • сунъий инсеминация — эркак жинсий ҳужайрасини аёл бачадонига киритиш;
  • сперматозоидларни интрацитоплазматик инъекция қилиш — эркак жинсий ҳужайрасини аёл жинсий ҳужайрасига киритиш, эмбрионни ривожлантириб, сўнг уни аёл бачадонига киритиш (ИКСИ)
  • преимплантацион генетик диагностика — инсон эмбрионини аёл бачадонига киритишга қадар генетик касалликлар диагностикаси (фақат наслий касалликлар учун ўтказилади).

Ёрдамчи репродуктив технологиялардан фақат эр-хотинлар фойдаланиши мумкин, дейилади ҳужжатда.

Репродуктив технологиялардан фойдаланишда жинсий ҳужайралар, эмбрионлар ва репродуктив органлар тўқималарининг биологик функцияларини қайта тиклаш имкони билан сақлашга рухсат берилади. Бироқ ушбу биоматериаллардан ҳарбий, саноат ва тижорий мақсадларда фойдаланиш қатъий тақиқланиши қайд этилди.

Ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллаш ҳамда иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлар шифокор сири ҳисобланади.

Ҳужжатда аёлнинг хоҳишига кўра 12 ҳафтагача ҳомиладорлик даврида, ҳомиладор аёл ҳаётига таҳдид солувчи тиббий кўрсаткичлар мавжуд бўлган тақдирда — ҳомиладорлик муддатидан қатъи назар ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш белгиланди.

Қонунда аёл киши ҳомиладорликка, ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш ва контрацепциядан фойдаланишга мажбурланмаслиги қайд этилади.