27 февраль куни «Илм-фан — 2020» миллий ривожланиш дастури доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги ва Elsevier компанияси билан уч йилга мўлжалланган ҳамкорлик битимини имзолади. Бу ҳақда вазирликнинг телеграмдаги канали орқали хабар берилди.

Имзоланган битимга кўра вазирлик Times Higher Education билан юртимиздаги ОТМларнинг жаҳон илм-фанидаги мавқеини мустаҳкамлаш, таълим бозорида рақобатбардошлигини ошириш, қолаверса, дунёнинг етакчи илмий-таълим марказлари, нуфузли университетларнинг халқаро рейтингига киритиш йўлида биргаликда ҳаракат қилади.

Келишув доирасида вазирлик республикадаги энг яхши университетлар ректорлари ва проекторларидан иборат Times Higher Education экспертлари билан биргаликда ишлайдиган ишчи гуруҳни шакллантиради.

Шунингдек, жаҳонга машҳур Elsevier нашриёт уйи билан SciVal ахборот-таҳлилий портали маълумотларидан фойдаланиш бўйича Битим имзолади.

Мазкур келишув республика ОТМларига нуфузли халқаро илмий ахборотлар манбасидан фойдаланиш, илмий тадқиқотлар соҳасида самарадорликни ошириш, пироварда университетларнинг халқаро глобал рейтингига кириш имконини беради.