«Ижтимоий фикр» маркази телефон ва Интернет тармоғи орқали ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва мамлакатимиз ҳаётининг бошқа йўналишларига доир долзарб жорий масалалар юзасидан аҳоли ўртасида блиц-сўров ўтказишни бошлайди. Бу Ўзбекистон президентининг 22 февралдаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжат билан «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази этиб қайта номланди.

Марказнинг асосий вазифалари:

  • хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, шунингдек, ташқи сиёсат соҳаларида — мамлакат мудофаа қобилиятини, фуқаролар ўртасида ва динлараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашга, ташқи сиёсат соҳасидаги фаолият самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган ислоҳотлар тўғрисидаги жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
  • фуқаролар дунёқарашини шакллантиришнинг асосий йўналишларини, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий онги ҳолати ва мазмунини белгилаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти даражасини ўрганиш ва уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;
  • ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ҳолати ва динамикаси тўғрисида, аҳолининг ижтимоий фикри ҳақида ишончли ахборотни тарқатиш;
  • хорижий тадқиқотчилик амалиётида фаол фойдаланиладиган ва замонавий ахборот ёндашувларига таянадиган социологик тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш техникаси ва технологияларини ишлаб чиқиш, мослаштириш, татбиқ этиш ва уларнинг кенг усулларини қўллаш, жамоатчилик фикрини ўрганиш методологик асосларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш.

«Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижалари Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида мунтазам муҳокама қилинади ва улар бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш амалиётга жорий этилади. «Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижалари ОАВ, марказий давлат телеканаллари, босма нашрлар ва марказнинг веб-сайтида доимий ёритиб борилиши зарурлиги белгиланди.

Икки ҳафта муддатда социологик сўровлар якунларини ёритиш мақсадида «O‘zbekiston 24» телеканалида доимий фаолият юритадиган «Ижтимоий фикр» («Общественное мнение») махсус рукнини ташкил этиш топширилди.

«Халқаро амалиёт ва мамлакатимиз тажрибаси социологик тадқиқотларни ижтимоий шериклик принциплари асосида ўтказиш жараёнида ноҳукумат ташкилотларнинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш ва шу мақсадларда давлат буюртмасини сифатли бажариш, аҳолини мазкур жараёнга фаолроқ жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш зарурлигини кўрсатмоқда», — дейилади ҳужжатда.