Ўзбекистоннинг «Сақил» ансамбли куни кеча Теҳрон шаҳрида 34-бор ташкиллаштирилган Фажр мусиқа фестивалида иштирок этиб, ўзбек мумтоз ва миллий чолғу куйларини тақдим этди. Бу ҳақда OXUS Culture жамияти директори Ҳусниддин Ато «Gazeta.uz"га маълум қилди.

Ансамблниниг ижро дастуридан ўзбек мумтоз мусиқа меросидан Шашмақом, Фарғона-Тошкент мақом йўлларидаги асарлар билан бир қаторда мумтоз йўналишдаги халқ куйлари, ҳамда бастакорлик асарлари ҳам ўрин олди.

Ансамбл раҳбари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураҳмон Холтожиевнинг чанг созида, Ўзбекистон халқ артисти Абдулаҳад Абдурашидовнинг най созида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўткир Қодировнинг ғижжак созида ижро қилган асарлари мухлисларнинг алоҳида эътирофга сазовар бўлди.

«Сақил» ансамбли 2018 йилда Шаҳрисабз шаҳрида илк бора ташкиллаштирилган Халқаро мақом санъати форумининг «Энг яхши мақом ансамбли» номинацияси соҳиби бўлиб, жамоанинг Фажр фестивалидаги иштироки OXUS Culture жамиятининг фестивал ташкилотчилари билан ҳамкорлиги асосида амалга оширилди.