Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан «Жўшқин Гужарат — 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун 17 январь куни Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳиндистонда давлат раҳбарининг ташрифига катта қизиқиш билан қаралмоқда. Расмий доира вакиллари ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам буни алоҳида таъкидлашмоқда. Хусусан 1,5 миллион тиражда чиқадиган «The Hindu» газетасида «Ўзбекистон президенти саммитнинг бош меҳмони бўлади» номли таҳлилий мақола чоп этилди, дейилади хабарда.

«Жўшқин Гужарат» саммити Гужарат штатининг яна бир шаҳри — Гандинагарда бўлиб ўтади.