Буюк Британия парламенти Жамоалар палатаси сешанба куни Тереза Мэй томонидан таклиф қилинган Евроиттифоқдан чиқиш тўғрисидаги шартномага қарши овоз берди. Лейбористлар партаияси етакчиси Жереми Корбин эса ҳукуматга ишончсизлик вотумини эълон қилиш ташаббуси билан чиқди, дея хабар қилди BBC рус хизмати.

Шартномага қарши 432 депутат қарши чиққан бўлса, 202 депутат уни ёқлади. Ҳукуматнинг 230 овоз фарқи билан мағлубиятга учраши британ парламенти тарихида ҳеч қачон бўлган эмас. Бу ҳукуматнинг истеъфоси, муддатидан олдинги сайловлар, шартноманинг кечиктирилиши ёки Британиянинг Евроиттифоқ аъзолиги тўғрисида такрорий референдум ўтказилишига олиб келиши мумкин.

Агарда вотум эълон қилинса, консерваторлар икки ҳафта ичида янги ҳукуматни шакллантириши, акс ҳолда навбатдан ташқари сайловларни эълон қилишга тўғри келади. Ҳозирда консерваторлар ва лейбористлар рейтинги 36−41 фоиз оралиғида.

Жамоалар палатаси ҳукуматга агарда шартнома рад этилса, уч кун ичида парламентга янги шартномани тақдим этиш мажбуриятини юклади. Бироқ ЕИ вакиллари шартнома лойиҳаси кўриб чиқилмаслиги, бу Буюк Британия учун илгари суриш мумкин бўлган энг яхши таклиф эканини маълум қилди.