Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари айни пайтда Дубай шаҳрида Осиё кубогига тайёргарлик кўришмоқда. Кеча ОФК вакиллари терма жамоа жойлашган меҳмонхонага ташриф буюриб, йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонлик ФИФА ва ОФК инструктори Фарҳод Абдуллаев Осиё Кубоги мусобақаси давомида футболчилар аҳамият қаратиши керак бўлган қонун-қоидаларга тўхталиб ўтди. Футбол ўйини қоидаларига киритилган баъзи ўзгаришлар ҳақида мураббий ва футболчиларни хабардор қилди.

Жумладан, Фарҳод Абдуллаевнинг хабар беришича, Осиё кубоги гуруҳ босқичи учрашувларида майдон ортидаги ҳакамлар хизматидан фойдаланилади. Чорак финалдан бошлаб эса улар ўрнига VAR тизими ишлайди.

Бундан ташқари, Осиё кубогидан ўрин олган учрашувларда симуляция ишлатиб ўйин вақтини чўзган ва рақибини қўли билан ушлаб, тортиб қолган футболчининг хатти-ҳаракатлари учун терма жамоа 1000 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди. Ҳаводаги тўп учун курашда қўлларини ишга солиб, ҳакамга билдирмасдан рақиб юзига зарба йўллашга уринган футболчиларнинг ҳаракатлари ҳам қатъий тарзда жазоланиши бўйича ҳакамларга топшириқ берилгани маълум бўлди.

Фарҳод Абдуллаев қисқа видеороликлар ёрдамида мураббий ва футболчиларга ўйиндаги вазиятларни намойиш қилиб, ҳакам томонидан жазоланмаслик учун нималарга аҳамият қаратиш кераклиги ҳақида тушунча бериб ўтди.

Йиғилиш якунига етгандан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари иштирокида фото ва видеосессия уюштирилди. Учрашувлардан аввал майдондаги таблоларда таркиб таништирилаётганда намойиш этиладиган видеолавҳалар ва гол киритилган вазиятларда қўйиладиган роликлар учун суратга олиш ишлари ташкил этилди.