«Фарғона вилоятида чорвачилик ва наслчилик ишларини тубдан такомиллаштириш, тармоқ фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Ҳужжатга мувофиқ, Фарғона вилоятида «Чорва насл хизмат» маркази ва унинг ҳудудий марказлари ташкил этилди.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

2019−2021 йилларда Фарғона вилоятида гўшт йўналишидаги бўрдоқичилик комплексларини ташкил этишнинг прогноз кўрсаткичлари;

вилоятда чорвачилик ва наслчилик ишларини тубдан такомиллаштириш, тармоқ фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини янада ошириш бўйича «Йўл харитаси».

Йўл харитасида белгиланган тадбирларга кўра, чорвачиликда сунъий уруғлантириш ишларини янада ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишида вилоят бўйича жами 325 та шохобча ташкил этиш, сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи мутахассислар тайёрлаш мақсадида доимий фаолият олиб борувчи ўқув курсини ташкил этиш, шунингдек ҳар бир туманда икки-учтадан 200−500 бошга мўлжалланган қорамолчилик бўрдоқичилик хўжалигини ташкил этиш назарда тутилган

Шунингдек, қарор билан Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.

2019 йил 1 мартдан бошлаб:

чорвачилик хўжаликлари ерларига пахта экмаслик юзасидан масъулият шахсан туман ҳокимларига юклатилади;

чорвачилик хўжаликлари томонидан ишлаб чиқариш, сотилган маҳсулотлар учун тўловлар фақат пул ўтказиш, нақд пулларни банк орқали кирим қилиш ёки пластик карталар орқали амалга оширилиши шарт.

пахта, ғалла ва боғдорчилик фермер хўжалигига ижарага берилган ер участкаларида учинчи шахс томонидан чорва озуқа маҳсулотлари етиштириш учун пудрат шартномаси тузилишига рухсат берилади;

чорва моллари 50 бошдан ортиқ бўлган чорвачиликка ихтисослаштирилган хўжаликларда алоҳида штат асосида ветеринария врачи ва зоотехник мутахассислар фаолият юритиши йўлга қўйилади.