Ҳар йили дунёда 12 миллиондан ортиқроқ киши атроф-муҳит ҳолати: ҳаво, сув сифати ёки кўзга кўринмас кимёвий моддалар сабабли оламдан кўз юммоқда. Кўпчилик тўфонлар, қурғоқчилик ёки иқлим билан боғлиқ инфекцион касалликлардан вафот этмоқда.

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳамда Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) бош директори Петтер Таалас имзолаган Иқлим, атроф-муҳит ва саломатлик соҳасида ҳамкорлик доиравий дастурида сўз боради, дея хабар қилди БМТ Янгиликлар маркази.

Петтер Таалас табиий офатлар инсонлар ўлимига сабаб бўлиши билан бир қаторда, инсон саломатлиги учун узоқ муддат жиддий зарар етказувчи оқибатларни келтириб чиқармоқда. Масалан, кўплаб инфекцион касалликлар, жумладан малярия (безгак) ва Денге безгаги об-ҳавога: ёғингарчиликлар миқдори ва ҳаво ҳароратига тўғридан-тўғри боғлиқ.

Дастурнинг асосий ғояси шундан иборатки, метеорологларнинг яқинлашиб келаётган тўфон ёки иссиқ ҳаво, ҳаво ёки сувнинг ифлослангани тўғрисидаги ахборотларни ўз вақтида тарқатиши тиббиёт мутахассисларига кўплаб инсонларнинг ҳаётини қутқариб қолишга ёрдам бериб, хавф-хатарлар даражасини пасайтиришга эришиш мумкин

Келишувларга мувофиқ, тиббиётчилар об-ҳаво, иқлим, атмосфера ва гидрология ҳолатига оид ишончли илмий маълумотлардан фойдалана олади. ЖССТ ва ЖМТ янги келишувни амалга ошириш учун Иқлим ва саломатлик бўйича қўшма бюрога асос солди.