27 декабрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида махсус комиссия томонидан 2018 йил якунларига кўра Ўзбекистоннинг энг яхши спортчисини аниқлаш муҳокама қилинди. Йиғилишда спорт федерациялар (уюшмалар)идан келиб тушган таклифлар кўриб чиқилиб, 2018 йил якунлари бўйича миллий терма жамоа аъзоларининг комплекс мусобақалар ва жаҳон чемпионатларидаги иштироки таҳлил этилди.Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

1−10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида 102 килограммгача вазн тоифасида даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медаль билан тақдирланган Акбар Жўраев Ўзбекистонда йилнинг энг яхши спортчиси деб топилди.

Ўша чемпионатда 19 ёшли атлет иккикурашда ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилаганди. Шунингдек, Акбар Жўраев баҳорда ёшлар ўртасида Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлди, ёзда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати кумуш медалини қўлга киритди. Декабрь ойида Доҳада ўтказилган Токио-2020 олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг очколарини тўплаш имконини берувчи нуфузли халқаро мусобақада учта медаль эгасига айланди.

Комиссия аъзолари Акбар Жўраевни «Йилнинг энг яхши спортчиси» — Ўзбекистон Миллий кубоги, белгиланган намунадаги гувоҳнома ҳамда 10 000 (ўн минг) АҚШ долларига тенг миқдоридаги пул маблағи билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорни қувватлаб якдиллик билан овоз беришди.