Қашқадарё вилоят божхона бошқармасининг контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир давомида Қарши шаҳар «Қарлиқбоғот» маҳалласи ҳудудида юрган фуқаро Ф.Ш.нинг ҳаракатлари божхона ходимларининг эътиборини тортди. Шундан сўнг ушбу шахс холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг қўл сумкасида 30 қути пиротехника воситалари борлиги аниқланди. Фуқаро Ф.Ш. ўз тушунтиришида ушбу пиротехника воситаларини фуқаро С.Х. дан 300 минг сўмга сотиб олганлигини маълум қилди.

Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, С.Х. нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида ноқонуний тарзда яширинча сақлаб қўйилган 30 қути пиротехника воситалари борлиги фош этилди. Тадбир давомида олинган жами 60 қути бўлган 2 минг 880 дона пиротехника воситалари вақтинча сақловга топширилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.