Тошкент шаҳрида туризм соҳасини ривожлантириш, туризм брендини яратиш ва тарғиб қилиш мақсадида шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида, тегишли бошқарма раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Унда Тошкент шаҳрининг туризм бренди сифатида Тошкент шаҳри ёзуви ҳамда манзараси акс этган логотип қабул қилинди.

Мазкур бренд хорижий ва маҳаллий туризм кўргазмаларида, савдо ярмаркаларида, ташкил этилган турли тадбирларда, Тошкент шаҳри ва маданий объектларига йўналтирувчи йўл хариталарида, гайдбукларда, реклама банерлар ва билбордларида, шаҳарнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи видео-роликлар ва кўрсатувларда, туризм объектларида ва унинг атрофида жойлашган савдо расталарида сотилаётган сувенир-совға, кийим-бошлар, миллий маҳсулотларда акс эттириладиган бўлди.