6 декабрь куни Лондонда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Буюк Британия бош вазирининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Гарет Бейли иштирокида Ўзбекистон — Британия маслаҳатлашувлари ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Афғонистон ва унга туташ минтақадаги вазиятнинг ривожланиши, афғонлараро музокаралар жараёнини бошлаш юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар борасида фикр алмашилди.

27 мартда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларациясини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Британия томони Ўзбекистоннинг «Толибон» ҳаракати ҳамда барча Афғонистондаги сиёсий кучлар иштирокидаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлари дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланганини қайд этди.

Афғонистонда қўшма ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни, жумладан инфраструктура, маданий-гуманитар ҳамда таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.

Буюк Британияга ташриф доирасида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Британиянинг етакчи тадқиқот ва таҳлил марказларида ўтказилган қатор тадбирларда иштирок этди.