Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Корея соғлиқни сақлаш саноатни ривожлантириш институти (КҲИДИ) ҳамкорлигида Халқ табобати марказининг очилиш маросимига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Президентнинг 2017 йил 27 ноябрдаги ПҚ-3406 «Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ҳамда 2018 йил 10 октябрдаги ПҚ-3668 «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорларнинг ижроси юзасидан Тошкент тиббиёт академиясида Корея соғлиқни сақлаш саноатни ривожлантириш институти (КҲИДИ) ҳамкорлигида Халқ табобати маркази ташкил этилмоқда.


Чонг-Ён Корея халқаро клиникаси 2015 йилдан буён Корея Республикасининг тиббиёти глобаллашуви билан боғлиқ лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Бўлиб ўтаётган илмий семинар икки давлатнинг табобат йўналишида фикрлар алмашинуви ва мазкур соҳани ривожлантиришга кенг эшиклар очиб берди.

«Корея анъанавий тиббиёти инсон танаси бутунлиги ва ундаги ҳаётий ҳодисаларни, инсон ҳамда табиат ўртасидаги уйғунликни очиб беради. Корея анъанавий тиббиёти минг йиллар давомида такомиллашиб келаётган шарқона халқ табобати даволаш усулларини ўзида сақлаган ҳолда, замонавий илмий тадқиқот ва тиббий технологиялар асосида тўлақонли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ишлаб чиқди», — деб ўз сўзини бошлади Чонг-Ён халқаро марказ директори Пак Жон Син.


Илмий семинарда таъкидландики, сўнги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фуқароларнинг замонавий тиббий хизматларга, дори-дармонлар билан таъминланишга бўлган имкониятларини кенгайтирди, шунингдек, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлиги яхшиланмоқда. Замонавий тиббиётни анъанавий шарқона табобатнинг илмий асосланган методикалари билан бирга олиб бориш уни такомиллаштириш йўлдаги кейинги босқич ҳисобланади.


Корея анъанавий тиббиётининг ўзига хослиги шундаки, тиббиёт йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг ноёб тизими яратилган, аниқ ташхис қуйиш учун Шарқ ва Ғарб тиббиёт амалиётлари замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилган, қолаверса чет эллик беморларга шахсий ёрдам кўрсатадиган Корея анъанавий тиббиёт клиникалари ва шифохона хизматлари ташкиллаштирилган. Марказда иссиқ игнали даволаш, фармокапунктура, шувоқ ва бошқа шу каби доривор воситалардан фойдаланиб, Чуна, Чимсул, Бухаг, Тим каби қатор анъанавий усуллар орқали беморлар даволанади. Ушбу мавзулар бўйича Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Корея соғлиқни сақлаш саноатни ривожлантириш институти (КҲИДИ) ҳамкорлигида Халқ табобати марказ директори ва медицина ходимлари ўз фикрларини билдирдилар ва марказ очилишини жуда муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.


Реклама ҳуқуқи асосида.