Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Google компанияси ва Google Developers Group (GDG)нинг Тошкент гуруҳи томонидан GDG-DEVFEST дастурчилар фестивали ўтказилди, дея хабар берди ЎзА.

Мазкур тадбирда соҳа мутахассислари, дастурчилар, IT-мутахассислари, соҳадаги янги технология ва лойиҳалар билан қизиқувчи ёшлар иштирок этди.

Мазкур дастурчилар фестивали Google Developers Group (GDG)нинг лойиҳаларидан бири бўлиб, Ўзбекистонда илк бор ўтказилди. Унда иштирокчилар Google компаниясининг сўнгги йиллардаги энг замонавий технологиялари ва ишланмалари билан танишди.


«Фастиваль доирасида ахборот технологияларининг турли йўналишлари бўйича ўтказиладиган маъруза ва маҳорат дарсларида 500 га яқин ёшларни қамраб олишни режалаштирдик, — деди „Google Developers Group“ (GDG)нинг Тошкент гуруҳи раҳбари Нуриддин Иминохунов.- Машғулотларга хорижлик мутахассислар ҳам таклиф этилган бўлиб, улар ёшларга соҳадаги янгиликлар, учраётган муаммолар юзасидан атрофлича маълумот беради. Келгусида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ёш иқтидорли дастурчиларни ўз атрофимизга жамлаган ҳолда ахборот технологиялари соҳасида янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз».

Тадбирда малакали мутахассислар иштирокида блокчейндан фойдаланиш, мобил иловаларни яратиш, VR/AR технологияларини бизнес соҳасида қўллаш ва бошқа шу каби мавзуларда очиқ мулоқотлар ўтказди.

«Бугун ахборот-коммуникация технологиялари вакиллари билан танишиб, ўз билим ва кўникмаларимизни яна бойитдик, — деди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети биотиббиёт муҳандислиги кафедраси ассистенти Юлдузхон Камолова. — Эшитишида ва гапиришида нуқсони бор болалар учун „Уй логопеди“ дастурий таъминотини яратганман. Ушбу амалиёт хорижда қўлланилаётган бўлса ҳам юртимизга энди жорий қилинмоқда. Дастур мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида логопед ва дефектолог машғулотларига қатнашишга муҳтож оилаларга уй шароитида шуғулланишга ёрдам беради».