Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида спортчилар иштирокида тартибсизликларни, жиноий ҳолатларни олдини олиш бўйича профилактик тадбир ташкил этилди. Унда Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов, МОҚ биринчи вице-президенти Назиржон Худойқулов, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мутасаддилари, спорт федерациялари вакиллари, мураббийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир давомида спортчилар иштирокида содир бўлаётган кўнгилсиз ходисалар, жиноятлар мисол қилиб келтирилди. Спортчилар имкон даражасида назоратда эканлиги, аммо ноолимпия йўналишида фаолият олиб бораётган баъзи спортчилар эътибордан четда қолиб кетаётгани қайд этилди. Мутасаддилар томонидан федерация вакиллари ва мураббийларга спортчилар учун бу борада тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлиги айтилди. Бунда албатта асосий масъулият мураббийларга юклатилади.

Спортчиларга кучни кўчада эмас, машғулотларда ва мусобақаларда кўрсатишлари кераклигини айнан мураббийлар ўз шогирдларига тушунтиришлари кераклиги айтилди. Чунки, ёш спортчи ота-онадан кўра, кўпроқ устозининг кўрсатмаларига амал қилиши таъкидланди. Агар мураббийлар бу борада масъулиятсизликка йўл қўядиган бўлсалар, лицензиядан маҳрум қилишгача бўлган жазо қўлланилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Учрашув давомида бундай ҳолатларни олдини олиш бўйича тегишли тавсия ва таклифлар берилди, федерациялар вакиллари ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, ёшлар спорт билан шуғулланиш учун келганда машғулотларда ўрганадиган услубларни спорт зали ва мусобақалардан бошқа жойда қўлламасликлари бўйича тилхат олиш лозимлиги, фаолиятини якунлаган спортчилар турли қинғир йўлларга кириб кетмаслиги учун уларни иш билан таъминлаш кераклиги таклиф сифатида айтиб ўтилди.

Режага кўра келажакда спортчи ва мураббийлар учун «Маънавият куни» ташкил қилинади. Миллий олимпия қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги бу борада яқиндан ҳамкорлик қилади.