Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева аёллар учун махсус тезкор, Республика доирасида ягона қисқа рақамли «1146» «ишонч телефони» ишга туширилишига эркаклар томонидан жиддий қаршиликлар бўлганини айтди, дея хабар берди ЎзА.

Пойтахтдаги «City Palace» меҳмонхонасида БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги Конвенцияси (CEDAW) қўмитаси тавсияларининг бажарилиши юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди.

Норбоеванинг таъкидлашича «1146» ишонч телефонларига қўнғироқ қилишиб, устидан шикоят тушган эркаклар жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилишларидан хавотир олганлар. Ҳозирги кунгача мазкур телефонлар орқали 7 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, бир кун давомида энг кўпи билан 50−60 тага яқин қўнғироқ амалга оширилган.

«Эркаклар қўзғалони» бўлди, улар аёллар учун умуман махсус ишонч телефонлари ишга туширилишини исташмади. Биз уларга бу ҳуқуқий-маслаҳат, психологик қўллаб-қуввватлаш мақсадида ташкил этилганини тушунтирдик. Биз тушкунликка тушган аёлнинг кўнглини кўтариб, агар муаммо эркак кишида бўлса, у билан ҳам мулоқот ўтказишни кўзлаган эдик. Мақсадимиз — уларни жазога тортиш эмас, балки улар билан суҳбат ўтказиб, тўғри йўлга солиш", дейди Норбоева.