Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 ноябрдаги 931-сон қарори билан ўтказиладиган туризм соҳасидаги халқаро инвестиция форуми доирасида, 19−21 ноябрда инвесторларга истисно тариқасида ер участкалари ажратишнинг алоҳида тартиби амал қилади. Бу ҳақда Norma.uz хабар тарқатди.

Биринчидан, туризм инфратузилмаси объектларини қуриш учун инвесторларга аниқ инвестиция мажбуриятлари остида ер участкалари электрон аукцион ўтказмасдан ажратилади.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг тижорат банкларида 15 иш куни мобайнида инвестиция битими суммасининг 25 фоизи миқдоридаги маблағни депонентга ўтказиш ёки 5 фоизи миқдоридаги мажбуриятни бажариш кафолатини (performance bond) бериш шарти билан инвестиция битимлари тузилади. Шундан кейин 5 кун муддатда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорларни қабул қиладилар.

Учинчидан, лойиҳанинг барча зарур шартлари, шу жумладан ажратилаётган ер участкаси бўйича тегишли ҳокимлар билан инвесторлар ўртасида келишувга эришилган тақдирда инвестиция битимлари имзоланади.

Вилоятлар ҳокимликлари 2 кун муддатда хорижий инвесторларга тайёр ҳолатда таклиф этиладиган ҳар бир ер участкаси бўйича инвестиция лойиҳаларининг тақдимот материалларини инглиз ва рус тилларида тайёрлайдилар. Сўнг тақдимот материаллари олдиндан кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун потенциал инвесторлар — форум иштирокчиларига юборилади.

Битимлар тузилганидан кейин уч ой муддатда инвесторлар билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Ҳокимликлар, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишда инвесторларга амалий ёрдам берилишини таъминлайдилар.