Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида"ги қонунининг 6-моддасига асосан экологик партия ташкил этиш бўйича мамлакатимиз фуқароларидан иборат ташаббускорлар гуруҳи шаклланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Бугунги кунда мамлакатда 4 та сиёсий партия — Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати фаолият юритмоқда.

Мазкур партиялар ўз ғоялари билан сиёсий майдонга чиққан. Масалан, ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатлари ҳимоячиси сифатида намоён этувчи ХДП уларнинг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби ғояларни амалга ошириш бўйича сайловчиларига ваъда берган.

«Миллий тикланиш» демократик партияси миллий мерос ва қадриятларни тиклаш, уларни янада бойитиш, туризм соҳасини ривожлантириш каби ғояларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

«Адолат» СДП эса ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш йўналишларини ўз ичига олган мақсад ва вазифаларни олға сурган.

Мамлакатдаги етакчи партия ҳисобланмиш ЎзЛиДеП тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатини ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати аҳолининг экологик маданиятини ошириш билан боғлиқ барча юмушларни ўз зиммасига олган