1−10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Жаҳоннинг 88 мамлакатидан 600 нафардан ортиқ спортчи беллашган ушбу чемпионатда, Ўзбекистон спорт делегацияси 8 нафар эркак ва 4 нафар аёл спортчи билан иштирок этди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу мусобақа спортнинг мазкур тури бўйича Токио 2020 Олимпия ўйинлари учун лицензия тақдим этувчи дастлабки турнир ҳисобланади.

Туркманистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди.

Спортчилардан Акбар Жўраев (-102 кг) олтин, Достон Ёқубов (-67 кг) кумуш, Рустам Жангабоев (+109 кг) иккита бронза, Руслан Нурутдинов (-109 кг) бронза медални қўлга киритди.

12 ноябрь куни соат 07:00 да Тошкент Жанубий вокзалида жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтган спортчилар тантанали тарзда кутиб олинди.