Пайшанба куни Тошкент ҳокимиятида шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ташаббускор гуруҳи томонидан тақдим этилиб, ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланган «Тошкент-2025: трансформация» лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Лойиҳа олтита асосий йўналиш: маъмурий реформа, иқтисодий стратегик ривожланиш, шаҳарни режалаштириш, уй-коммунал хўжалиги, ижтимоий соҳа, инклюзив ривожланиш ва экологияни ўз ичига олади. Келгусида улар янада такомиллаштирилади.

Лойиҳа ташаббускорлари Тошкент 2025 йилгача инвестиция ва туризм учун жозибадор, тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаб қолган, шаҳарликлар ва атроф-муҳит ҳақида ғамхўр шаҳарга айланишига ишонч билдирмоқда.

«Мазкур лойиҳа энг аввало шаҳарликлар учун ишга туширилмоқда, — деди Тошкент ҳокими в. б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев. — Бу пойтахтни ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини яратишдаги биринчи фаза». Ривожлантириш бўйича аниқ режалар ҳамда уларни амалга оширишни баҳолашнинг шаффоф индикаторларисиз яхши натижаларга эришиб бўлмайди, дея таъкидлади у.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев. Фото: Spot.uz.

Лойиҳа стратегиясини тайёрлаш учун маҳаллий ва халқаро экспертлардан иборат жамоа шакллантирилади. Лойиҳа ҳомийлик маблағлари ва халқаро молия институтлари грантлари ҳисобига Урбанистика маркази томонидан амалга оширилади.

Олти йўналиш бўйича жамоатчилик фикри ўрганилади, аҳоли билан мулоқот ўрнатилади ҳамда лойиҳани амалга оширишга шаҳар хизматлари ва фуқаролар жалб этилади, дея хабар берди лойиҳа координатори Валентина Прокофьева. У учрашув иштирокчиларини лойиҳани амалга ошириш муддатлари билан таништирди: ноябрда жамоа ва шериклар гуруҳи шакллантирилиб, мақсадлар аниқлаштирилади; декабрь-2019 йил сентябрида — маълумотлар тўпланади, йўл харитаси шакллантирилади, йўналишлар бўйича стратегиялар ишлаб чиқилади; 2019 йил октябригача — шаҳарни 2025 йилгача ривожлантиришнинг ягона стратегияси ишлаб чиқилади ва уни жорий этиш бўйича консультациялар ўтказилади.

Иқтисодий тадқиқотлар маркази директори Юлий Юсупов биринчи йўналиш — маъмурий ислоҳотлар аҳамияти ҳақида шундай деди: «Маҳаллий ҳокимият органлари шунчаки марказий ҳокимият органлари қарорларини узатувчи механизм ҳисобланади. Улар мустақил сиёсат юрита олмайди, бунинг учун ҳеч қандай имконият, рағбат, ресурс ва ваколатларга эга эмас».

У Тошкент маъмурий ислоҳотлар локомотиви бўлиши, маҳаллий ҳокимият органлари ўз ҳудудларини ривожлантириш учун етарлича имкониятларга эга бўлишига умид билдирди.

Ҳокимият ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Азиза Умаров лойиҳа стратегияси шаҳарни ривожлантиришда биринчи интеграциялашган ҳужжат бўлиши, унда ривожланишнинг барча асосий соҳалари: транспорт ва турар жойлар қурилиши, ижтимоий объектларни ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит ва бошқалар ўзаро боғланган.

Лойиҳа ташаббускорлари томонидан 20 та очиқ муҳокамалар ва семинарлар ташкил этилиши, уларда Жамоатчилик кенгаши экспертлари ва хоҳловчилар уни амалга оширишни муҳокама қилишлари кутилмоқда.